Владимир Норов БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хон билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов болалар соҳасидаги йирик халқаро тадбирларда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасининг (UNICEF) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хон билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва UNICEF ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди, алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли режалар белгилаб олинди.
Афшон Хон Ўзбекистон билан UNICEF ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йиллардаги ижобий суръатларда ривожланаётгани, республикада йирик қўшма тадбир ва лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича алоқалар жадаллашгани мамнуният билан қайд этди.
У Ўзбекистоннинг минтақада болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим ролини таъкидлади.
ЮНИСEФнинг минтақавий директори шу кунларда Тошкентда ўтказилаётган ЮНEСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференциясини юқори баҳолади. Ушбу анжуман барча учун умумий, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш бўйича илғор тажрибалар алмашиш учун хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув давомида Владимир Норов Афшон Хонга мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг саломатлигини таъминлаш ва сифатли таълим-тарбия олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Болалар ва ёшлар манфаатлари йўлида аниқ натижаларга эришиш мақсадида, жумладан, 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида ЮНИСEФ билан самарали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг