Виждони, ор-номуси ва шаънини ўртага қўйиб...
Бугун Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич курсантлари учун тантанали “Ватанга қасамёд” тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, Қуролли Кучлар академиясида мазкур олий ҳарбий таълим муассасасининг Умумқўшин факультетига ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган ёш курсантлар “Ватанга қасамёд” қабул қилишди. Шулардан 4 нафари “Тўмарис издошлари” бўлган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган ва Ватан ҳимоясига ҳаётини бағишлашга аҳд қилган қизлардир.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам “Ватанга қасамёд” тантаналари юқори савияда ўтказилди.

Курсантлар давлатимизнинг муқаддас рамзи бўлган байроқни ўпиб, буюк аждодларнинг пок руҳлари олдида, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичдилар.
Қуролли Кучлар академиясида курсантларни Ватанга қасамёдга келтиришга бағишланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов қатнашиб, нутқ сўзлади ва барча қасамёд қабул қилган курсантларни табриклади.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўтказилган маросимда мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Алишер Норбоев иштирок этди.
Ватанга қасамёдга келтириш маросими сўнгида тадбир қатнашчилари учун концерт дастурлари, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали қўл жанги чиқишлари намойиш этилди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг