Виртуал ифторлик ва қоидага риоя этмаган зиёратчи. Пандемия пайтида муқаддас Рамазон ойи қандай ўтказилади?
Дунё бўйича Рамазон 23 ёки 24 апрелда бошланади. Коронавирус пандемияси пайтига тўғри келган ушбу муқаддас ойда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида масжидларда оммавий ибодат қилиш ва катта ифторлар чекланишининг эҳтимоли катта.
Бироқ Буюк Британиядаги мусулмонлар бунинг йўлини топишган кўринишади. “Рамазон чодири“ деб ном олган машҳур маҳаллий лойиҳада ўтган йилларда Лондоннинг қайсидир таниқли жойи, масалан, Трафальгар майдонида жамоавий ифтор ташкил этиларди. Лойиҳа иштирокчилари чодирларни тикиб, хоҳловчиларни ифторликка қўшилишларини таклиф қилиб келишарди.
Жорий йилда лойиҳа муаллифлари форматни пандемия вазиятига мослаштириб, виртуал ифторлик ўтказишга қарор қилишди. Мўминларга рецептлар, фойдали маслаҳатлар ва болалар учун стол усти ўйинлари солинган буклетларни ҳам юборишга қарор қилинди. Мусулмонлар эса Zoom иловаси орқали видеоконференция ёрдамида йиғилишади.
Бундай эзгу амаллар рўза якунига қадар олиб борилади.
Рамазон даврида Макка ва Мадина шаҳарларига бориб, Ҳаж амаллари бажарилади. Бироқ бу сафар “тождор вирус“ туфайли Саудия Арабистонининг ушбу муқаддас жойлари зиёратчилар учун ёпилган.
Яқинда мазкур қадамжолардан қайтган инсонлар эса ўзларини изоляция қилишга интилишяпти.
Бироқ Қирғизистонда зиёратдан қайтганларнинг бир гуруҳи нафақат яқинлари билан алоқаларни чеклашмагани, балки дўстлари ва қариндошларини шу муносабат билан ёзилган дастурхонга таклиф қилгани туфайли келиб чиққан нохуш ҳолат ҳақида хабар тарқалди, деб ёзади Akipress.org манбаси.
Аслида одатга кўра Ҳаждан кейин зиёратдан қайтилгани шарафига дастурхон ёзилади. Бироқ пандемия пайтида бундай тадбирларни кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ.
Гап шундаки, Қирғизистонда ана шундай зиёратчилардан бири ўзини-ўзи чегаралаш қоидаларига риоя этмай, 150дан ортиқ кишига худойи қилиб берган. Шундан сўнг мезбон коронавирусга чалингани аниқланди. Оқибатда бир неча нафар меҳмон, шу жумладан, маҳаллий шифохона врачи ҳам ушбу инфекцияни юқтириб олгани маълум бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг