Вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар аҳволи ҳам қониқарли эмас — Президент
Йиғилишда бир пайтлар Фарғона саноат ўсиши бўйича пешқадамлардан бири бўлган бўлса, ўтган олти ойда вилоятда саноат ҳажми 4,2 фоизга ўсиб, республикада 12-ўринга тушиб қолгани таъкидланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби хабар берди.
Саноат салоҳияти ҳамма туманда ҳам бирдек ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда 3 фоизга, Олтиариқда 1,3 фоизга ва Қувада 1,2 фоизга камайган.
Вилоятда аҳолини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилган, холос.
Мебелчиликда вилоятда ўтган олти ой давомида 250 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлсада, Олтиариқ, Риштон, Данғара, Фурқат, Ёзёвон ва Фарғона туманларидаги жами мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 10 миллиард сўмга ҳам етмайди.
Шу билан бирга, вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар аҳволи ҳам қониқарли эмас.
Умуман, вилоятда 2022 йилнинг олти ойида фаолият юритмаётган корхоналар сони 2,5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 14,5 мингтага етган.
Йил бошида республика бўйича 60 та туман тўртинчи ва бешинчи тоифаларга киритилиб, уларни иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур бошланди.
Фарғонада ушбу тоифаларга кирган Фурқат, Ёзёвон ва Сўхдаги тадбиркорлар ўтган олти ойда 30 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
Лекин, яратилган шароитларга қарамасдан, мазкур туманларда натижа кўринмаяпти. Аҳвол яхшиланиши ўрнига, улардаги тадбиркорлар тушуми ўтган йилга нисбатан камайиб кетган.
Саноат зоналарида катта майдонлар бўш турганлиги, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари уларни тадбиркорларга таклиф қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.
“Шунча бўш жойлар туриб, ҳокимлар саноат зоналари учун қишлоқ ерлари тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилишдан “чарчамаяпти”.
Энг ачинарлиси, вилоятда ишлаб чиқариш бўлган давлат объектларини хусусийлаштириб, улар ўрнида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб юбориш ҳолатлари мавжуд”, — деди давлатимиз раҳбари.
Бош прокуратура, Кадастр агентлигига бир ой муддатда Фарғона вилоятида сўнгги беш йилда саноат зоналари ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари тоифасини якка тартибдаги уй-жой қуришга ўзгартириш ҳолатларини текшириб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Бундан буён, саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилиши белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг