Вилоят ҳокими мурожаат ижросини жойида ўрганда
Сурхондарё вилояти ҳокимининг фуқаролар билан онлайн қабулида Темирдарвоза маҳалласида яшовчи Муҳаббат Элбекова оилавий шароити оғирлиги, турмуш ўртоғининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳамда томорқада деҳқончилик қилиш учун шароит яратиш масаласида мурожаат қилган эди.
Вилоят раҳбари мурожаатни атрофлича ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар бериб, ижрони шахсий назоратига олганди.

Темирдарвоза маҳалласи Бойсун туманининг тоғ ён-бағридаги Дарбанд қишлоғида жойлашган. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов фуқаро хонадонига ташриф буюриб, яшаш шароитлари билан танишди, саломатлиги сабабли тўшакка михланган турмуш ўртоғининг ҳолидан хабар олди.
— Мурожаатимдан сўнг қисқа кунларда томорқамизга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди, — дейди Муҳаббат Элбекова. — Бугун вилоят раҳбаримиз хонадонимизга келиб, Муборак Рамазон ойи муносабати билан қўшимча моддий ёрдам ажратди. Турмуш ўртоғимни малакали тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларини тизимли йўлга қўйиш бўйича масъулларга вазифалар берди. Шунингдек, хонадонимизга қуёш панеллари ва геоколлектор ўрнатиш орқали энергия таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимида шахсий назорат ва жойида ўрганиш амалиёти аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этиш, одамлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг