Вилоят ҳокими марҳум шоир хонадонига борди. Ижодкорнинг уй-кутубхонаси барпо этилади

15:27 16 Декабрь 2020 Маданият
2100 0

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов марҳум шоир Шафоат Раҳматулло Термизий яшаган Термиз шаҳар Тупроққўрғон маҳалласидаги хонадонда бўлиб, шоирнинг бой китоб фондига эга кутубхонаси билан танишди. Шоирнинг турмуш ўртоғи Хосият Раҳматуллаева билан суҳбатлашиб, унинг яхши фазилатлари ёдга олинди.

Шафоат Раҳматуллаев 1941 йил 10 майда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида таваллуд топган. 1965 йили Тошкент Давлат консерваториясини тамомлаган. Шоирнинг «Жануб шамоли», «Умид остонаси», «Озод сўз», «Кўринмай гулладим», «Шоҳ ва шоир» сингари китоблари нашр этилган. Шунингдек, мусиқа соҳасида «Мусиқа услубиёти», «Мусиқа алифбоси» ва «Бошланғич мусиқа» рисолалари муаллифидир.

Эл суйган шоир 1968 йилдан то вафотига қадар Термиз давлат университетида ёш авлодга сабоқ бериб, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлимини бошқарган. 1998 йилда «Шуҳрат» медали, 2003 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

Ҳ.Раҳматуллаева шоирни эсга олиб, ундан ёдгорлик бўлиб қолган асарлари, мусиқа асбоблари, жисмоний машғулот билан шуғулланган спорт анжомлари ва бошқа ноёб буюмлари билан таништирди. Чоп этилмай қолган шеър ва достонларини келгуси авлодларга етказиш учун авайлаб-асраб келаётганини айтди.

— Шафоат Раҳматулло Термизий юртимизнинг таниқли шоири, ёшу кексани яқин дўсти, дилкаш, хокисор инсон эди, – деди вилоят ҳокими. – У кишининг адабиёт, санат ва илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳамиша қадрланади. Ўзининг бетакрор шеърлари, достонлари билан халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини, китобхонлик маданиятини ошириш йўлида беминнат хизмат қилган улуғ инсон оиласининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиб, мерос қолган асарларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир.

Шу куни атоқли шоир яшаган уйни тубдан таъмирлаш, замонавий мебеллар билан жиҳозлаш, шунингдек, келгусида шоирнинг уй-кутубхонасини барпо этиш бўйича чоралар белгиланди.

Илҳом Раҳматов,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер