“Ветеринария тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилмоқда

05:21 25 Февраль 2023 Жамият
1012 0

Жорий йил 24 февраль куни Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари вакиллари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, Қонун билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети сифатида қайта ташкил этилганлиги боис “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига тегишли тузатиш киритилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган барча назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилган ҳолда ўтказилиши белгиланганлиги муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасидаги “монеликсиз” деган сўз “белгиланган тартибда” сўзлари билан алмаштирилмоқда. Бу билан бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари ва давлат ветеринария инспекторлари давлат ветеринария хизмати назорати остидаги объектларга монеликсиз кириш эмас, балки белгиланган тартибда кириш ваколатига эга эканлиги белгиланмоқда.

Муҳокама мобайнида иштирокчилар томонидан Қонун юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер