Венгрия томонидан ажратилаётган таълим грантлари сони кўпайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Мамлакатимиз ёшларини Венгрия давлатининг «Ҳунгарикум стипендияси» грант дастури имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда икки давлат олий таълим муассасалари алоқаларини янада фаоллаштириш тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Таъкидланганидек, таълим соҳасидаги икки томонлама муносабатлар истиқболли. Бугун Ўзбекистон — Венгрия ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашиб бормоқда. 2020 йилда имзоланган тегишли меморандумга кўра, Венгрия ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 100 тадан таълим грантлари ажратиб келинаётган эди.
Ўтган даврда Ўзбекистон фуқаролари учун Венгрия томонидан ҳар йили ажратиб келинаётган таълим грантлари сонини кўпайтириш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Натижада 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, Венгрия томонидан ҳар йили ажратилаётган таълим грантлари сони 100 тадан 170 тага кўпайди.
«Hungarikum stipendiyasi» грант дастури ўтган қисқа даврда ўзбекистонлик ёшларнинг эътиборини тортди. Дастур доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг етакчи таълим муассасаларини жалб этган ҳолда қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳар икки давлат университетлари орасида алоқалар шаклланиб бормоқда. Ёшлар бакалавр таълим йўналишларида ва магистратура мутахассисликларида Венгрия давлатидаги таълим муассасаларида бепул сифатли таълим олмоқда.
Кейинги йилларда ушбу таълим дастури грантларига дунё бўйлаб талабгорлар сони ортиб боряпти. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари талабаларининг ҳам ушбу дастурга қизиқиши юқори. Хусусан, 2023/2024 ўқув йилида дастур асосида ажратилган 170 та ўринга 798 нафар талаба ёшлар ҳужжат топширган. Ҳозирги кунда 111 нафар талаба ушбу грант асосида таҳсил олмоқда.
Шу билан бирга, маълум сабабларга кўра, турли давлатлардан келган ва ўқишини ўз муддатида якунлай олмаган стипендиатлар сони ҳам ортган. Ўз муддатида ўқишни тугата олмаган ёшларга ўқишни битириш учун имконият яратиш мақсадида, улар учун грант муддати яна бир йилга узайтирилмоқда. Бунинг ҳисобига эса Венгрия ҳукумати томонидан тасдиқланган квоталарга нисбатан ажратилган грант ўринлари камроқ бўлмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, ҳар бир талабгорнинг ушбу таълим грантини қўлга киритиш даражаси Венгрия давлати томонидан ўтказиладиган кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширишига ҳам боғлиқ. Ушбу таълим гранти дастури билан бир қаторда, ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари Венгрия университетлари томонидан эълон қилинган грант ўринлар танловларида иштирок этиб, Венгрия олий ўқув юртларига мустақил тарзда грант асосида ўқишга кириши мумкин.
Қизғин савол-жавоблар давомида депутатлар бу борада амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаш билан бирга, Венгрия давлати билан соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш ва таълим грантлари дастурини Ўзбекистонда янада самарали амалга оширилишини таъминлаш зарурлигини қайд этдилар. Шунингдек, бу бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Якунда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг