Венгрия парламенти Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қарши овоз берди
Венгрия парламенти Украинани Европа Иттифоқига қабул қилишга қарши резолюция қабул қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Ҳужжатни 142 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 28 нафари қарши овоз берди, 4 нафари эса бетараф қолди.
Резолюция ҳукмрон «ФИДЕС — Венгрия фуқаролик иттифоқи» партияси фракцияси томонидан таклиф этилган. Гарчи ҳужжат тавсиявий характерга эга бўлса-да, Венгрия ҳукумати ЕИ билан бўладиган кейинги музокараларда айнан депутатларнинг ушбу позициясига асосланиб иш юритиш ниятида.
Ҳужжатда Венгрия Украинани Европа Иттифоқига шошилинч қабул қилинишига қарши экани қайд этилган. Бунга сабаб сифатида мамлакатда уруш кетаётгани ва унинг иттифоққа қўшилиши Европанинг Россия билан бевосита тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Резолюцияда ҳукумат Украинадаги урушни тартибга солиш бўйича халқаро тинчлик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирилади. Шунингдек, ҳужжатда Украинага ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган қурол-яроғ ва маблағларни юборишдан тийилиш сўралган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг