Вазир ахбороти депутатларни қониқтирдими?

14:41 04 Июль 2023 Сиёсат
527 0

Муҳокамаларга бой бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан депутатлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимовнинг ахборотини эшитдилар.

Мажлисда таъкидланганидек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш назарда тутилган. Ўтган 2022 йилда жами 202,7 млн. туп дарахт кўчатлари экилган бўлса, мазкур кўрсаткич жорий йил баҳор мавсумида 127,7 млн. тупни ташкил этган. Кўчат экиш ишлари вилоят, туман, маҳаллалар, таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган манзилли дастурлар асосида йўлга қўйилган.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида кўчат етиштириш ишларига тадбиркорлик субъектлари ва ишсиз фуқарорлар кенг жалб этилган. Жумладан, жорий йилда аҳоли томорқаларида 55 млн туп, тадбиркорлик субъектлари томонидан 49 млн тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари етиштирилган.

Мажлисда депутатлар экилган дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш, бу жараёнларда сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, кўчат етиштириш ишларига хусусий тадбиркорлар ва ишсиз фуқароларни ҳақ эвазига кенг жалб этиш, дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш лозимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, кўчатхоналар сонини ошириш, ҳудудларда иқлимга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш, ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларни белгилаш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилгани эътироф этилиб, вазирнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер