Ватанпарварлик ойлиги қандай ўтади?
Аксарият ҳолларда Ватан ҳимоячилари куни арафасидагина ҳарбийлар “жонланади”, бошқа пайт-чи, қабилидаги эътирозлар қулоққа чалинади. АОКАда шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида, “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати!” умумий шиори остида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия масъул ходимлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Анжуманда соҳа бўйича маълумотлар очиқлиги, журналистлар учун пресс-турлар ўтказилиши, ҳарбий соҳага бағишланган фильмлар аҳамияти, шунингдек, 2019 йил 15 декабрьдан 2020 йил 15 январьгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар хусусида сўз юритилди.
— Ватанпарварлик ойлиги доирасида чекка ҳудудларда ҳам фаол тарзда тадбирлар ўтказиш, мактаб ўқувчиларини янада кўпроқ жалб этиш режалаштирилган. — дейди подполковник Зоҳиджон Исақов. — Боиси юртпарварлик руҳи ёшликдан сингдириб бориш бизнинг ҳам вазифамиз саналади. Шу маънода, ойлик тадбирлари доирасида ўқувчилар билан давра суҳбатлари ўтказиш, ҳарбий оркестр чиқишларини намойиш этиш, жойларда ҳарбий намойишлар уюштириш, умуман, бу галги тадбирларни ўзгача шукуҳда ўтказиш режалаштирилган. Бунда жараёнларни кенг оммага етказишда албатта оммавий ахборот воситалари ходимларига суянамиз.
Маълумотларга кўра, дастурда ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги иншо, сурат, шеър ва амалий санъат танловлари, ижодий танловлар ва спорт мусобақалари, жумладан, “Мен албатта ҳарбий бўламан!” танлови, “Мен ҳам Ватанимга хизмат қиламан!” мавзусидаги эстафеталар, ҳарбий оркестр ва бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг концерт дастурлари ва чиқишлари, шунингдек, шунингдек, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг модернизация қилинган намуналари намойиш этиладиган “Techno Discovery” фестиваллари ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Юлдуз Ўрмонова,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг