Ватанпарварлик — энг улуғ туйғу
Фото: "Халқ сўзи"
Сирдарё вилоятида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий ватанпарварлик мавзуси доирасида кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан Гулистон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ташкил этилган тадбирда китобнинг инсоният ҳаётида тутган ўрни, китобхонлик маданияти мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар ўзлари ўқиган асарлар, китобнинг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги муҳим аҳамияти ҳақида суҳбатлашдилар. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Шунингдек, тадбир давомида фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар иштирокида шахмат-шашка мусобақаси ўтказилди. Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.
Сирдарё туманидаги 532-ҳарбий қисмда эса Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий ходимлари иштирокида “Халқ ва армия бир жону бир танмиз” шиори остида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Кекса авлод вакиллари ёш ватанпарварларга ўз умр йўллари ва фаолиятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Бунга жавобан ёш ҳарбий хизматчилар уларнинг изидан бориб, қутлуғ она заминнинг ҳар бир қаричини муқаддас билиб, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилажакларини изҳор этишди.
— Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда иштирок этиш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланган,— дейди Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ғофуржон Қаюмов. — Бунинг учун улар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб турамиз. Хусусан, “Очиқ эшиклар куни” деярли ҳар ойда бўлиб туради. Қолаверса, бошқармамиз томонидан Ватанга муҳаббат ва ватанпарварликни тараннум этувчи танловлар ҳам ташкил этилади. Жумладан яқинда айни мавзуда суратлар танлови ўтказилди.
Шунингдек, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармасининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари байрам арафасида ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига ташриф буюриб, оилалардаги шарт-шароитлар, болаларнинг ўқишлари, китоб мутолаа қилишлари учун яратилган қулайликлар билан танишдилар. Болалар билан бўлган мулоқотлар чоғида уларнинг қизиқишлари, шу жумладан, спорт билан шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг