Ватанни сев тупроғини ўп, ҳар қаричи муқаддас бизга!
Миришкор туманининг энг олис ва чекка ҳудудларидан бири бўлган Бўстон маҳалласида “Халқ ва армия — бир тану бир жон!” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Республика ҳарбий прокуратураси, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, туман ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар кўргазмаси билан бошланди. Иштирокчилар мамлакатимиз Қуролли Кучларида фойдаланилаётган замонавий технологиялар, қурол-аслаҳалар, уларнинг имкониятлари билан танишишди.

Шундан сўнг спортсевар ёшлар иштирокида спортнинг кўплаб турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар сўнгида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, ҳарбий касбга нисбатан ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлашда бу каби фестивалларнинг аҳамияти жуда катта, — дейди Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлар кенгаши раиси Шариф Мадиев. — Ҳарбий хизматчиларнинг ҳудудларда бўлиб, ёшлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиши, ҳамкорликда бадиий дастурлар, фестиваллар ташкил этиши анъана тусини олаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Бугунги тадбир ҳам олис қишлоқдаги минглаб ёшларнинг қалбида ватанпарварлик ҳисси, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини яна бир қадар юксалтиргани, ҳарбий касбга нисбатан қизиқиш уйғотганига ишончим комил.

Тадбир сўнгида ҳарбий хизматчилар ҳамда ёш спортчилар томонидан ижро этилган турли кўргазмали чиқишлар иштирокчиларда янада катта таассурот қолдирди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг