Ватандан яралган Ватандан кетмас

21:48 25 Март 2022 Жамият
822 0

Архив сурат

Таниқли шоир ва журналист Саъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти Фориш туманидаги сўлим Гараша қишлоғида туғилган.
Ижодкорнинг «Ҳамал тонглари», «Сен кутган баҳор», «Ёз оқшоми», «Она сўз», «Сайланма», «Кўнгил юзи», «Кўҳна нақл» каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари, қатор достонлари, публицистик асарлари халқимиз томонидан севиб мутолаа қилиб келинмоқда.
Шоир шеърларида жонажон Ватанимизнинг гўзал манзаралари, туйғуларнинг жозиб тасвирлари донишмандона фалсафа, халқона ифодаларга йўғрилган ҳолда, ўзига хос услубда тараннум этилади. 

ВАТАНГА МАНСУБЛИК
Баногоҳ чўққидан қуласа бир тош,
Тоғ пойига тушар, тоғни тарк этмас.
Эт билан тирноқдек бир жону бир тан,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Қуёшга интилган ҳавойи буғлар,
Баланд парвозларни қилса ҳам ҳавас,
Бир кун қайтиб келар ўкириб-йиғлаб,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Шашмақом — минг йиллик наво муаттар,
Очсам кўкайимни янграр қадим сас.
Авлодлар туғилар, аждодлар ўтар,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Улуғлар юксалар ер остида ҳам,
Ҳайкал бўлиб ўсар, эли унутмас.
Шаҳидлар боғидан куйлаб ўтаман:
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Тошдан учган учқун ялт этиб ўчар,
Ўчган чўғ қайта ўз ҳолига келмас.
Чопонинг силкисанг ғубори кўчар,
Ватандан тўқилган Ватандан эмас!

НАЙ
— Оҳангларинг мунглар наҳрими,
Най, бунчалар маъюссан нега?
— Айтолмаган ҳасратларини
Сўзлашади одамлар менга!

ЎРМОНЧИЛАР
Ўрмончилар ҳақида ҳангомага бу бир гап,
Кўрган-эшитган ҳайрон: ўрмончилар нетдилар?
Эгри-бугри қайрағоч соясида соялаб,
Тўғри ўсган теракни шартта кесиб кетдилар…

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер