Ватан ва халқ фидойиси

18:16 29 Июнь 2018 Жамият
4184 0
Фото: Новости Узбекистана

Аср-асрда порлаб чиқар буюк даҳолар,
Даҳоларнинг қадрини давр ўзи баҳолар…

Жуманиёз ЖАББОРОВ

Ўзбекистонимиз обрў-нуфузи дунё миқёсида кундан-кунга ошиб бормоқда. Ватанимиз тарихи, халқимизнинг қадимий урф-одатлари, ноёб қадриятлари эъзозланаётганидан, буюк аждодларимизнинг сўнгги манзиллари ободонлаштирилиб, уларнинг номлари абадийлаштирилишига давлат аҳамияти даражасида эътибор берилаётганидан қалбимни чўлғаган ҳаяжонни сўз билан ифодалашга ожизлик қилаётгандекман. Ҳа, ёшим бир ерга етиб, меҳнат фахрийси сифатида ҳар бир ҳодисани таққослаш, солиштириб кўриш орқали идрок этиб, сўнгра хулоса чиқариш одатимга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва тарихий-тарбиявий жиҳатдан ҳали ҳаётимизда кўп асқотиши мени мамнун этади. Айниқса, буюк ажодларимиз, ота-боболаримиз руҳини шод этишга қатъий киришилгани бугунги кунни ҳам файзиёб этади, негаки, ўтганларнинг руҳлари ҳамиша бизни қўллаб-қуватлаб туради.

Ўтган ўлуғ зотлардан бири Файзулла Хўжаев эди. Буни ҳамма тан олади. Оташин ватанпарвар, ҳақиқий зиёли, атоқли давлат арбоби ва моҳир дипломат — бир шахсда шундай фазилатларнинг жумулжам келиши катта тарбия самарасидир. Унга “халқ душмани” деган ноҳақ айб қўйилиб, навқирон 42 ёшида қатағон этилган. Ўзбекистоннинг иттифоқдош республика сифатида ташкил қилиб, биринчи раҳбари лавозимида умрининг охиригача фаолият кўрсатгани эса бизнинг тарихимиз, ундан ўзимизни асло айри ҳис этолмаймиз.

2017 йилнинг 26 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва “Халқ сўзи” газетасига мана шу улуғ шахс ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимдан иборат бир мактуб жўнатган эди. Қарангки, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ва унинг тасарруфидаги тарих институти, “Нуроний” ҳамда “Маҳалла” Марказий Кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва Халқ демократик партиялари фракциялари сингари, ҳаммасини ҳисоблаб кўрсам, 12 та нуфузли жойлардан, идора-ташкилотлардан жавоб олдим. Ана эътибор, ана-а инсон қадри! Яна денг, кўплаб мутасадди идора-ташкилотлар раҳбарияти ва мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам билдирган таклифларим, фикр-мулоҳазаларим билан ҳисоблашиб, келгусида — 2021 йилда Файзулла Хўжаев таваллудининг 125 йиллигини ўтказиш ҳақида сўз очишибди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 16 февралда Бухоро вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Файзулла Хўжаев номини айтиб, бу буюк инсонга муносиб бўлишга барчамизни даъват қилган эдилар. Шу муносабат билан 12 майда Бухоро Давлат университетида “Файзулла Хўжаев — Давлат ва сиёсат арбоби, миллат фидойиси” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда юртимизнинг турли олий илмий даргоҳларидан олимлар, хорижий давлатлардан тарихчи-тадқиқотчилар,талабалар иштирок этиб, Файзулла Хўжаевнинг ҳаёти ва фаолиятига доирн маърузалари билан қатнашдилар. Мазкур хайрли тадбирда мен “Файзулла Хўжаев хотираси барҳаёт: истиқболдаги режалар ва вазифалар” номли мақолам билан иштирок этдим.

1 июль — Файзулла Хўжаевнинг таваллуд куни. Халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуф сатрларидаги орзу-армонлар шу лаҳзаларда ушалиб бормоқда.

Қадим Бухорога лайлаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Қўймадик жойига эъзозингизни,
Айтмай кетдингиз-ку дил розингизни,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?

Бу улуғ зотнинг руҳи шод бўлгай, иншолло.
Яшин БАКИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер