“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро шаҳрида республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа бир қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” кўрик – танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

— Учинчи бор 15 – 30 ёшли йигит – қизлар ўртасида ўтказилаётган бу танлов истеъдодли ёшларни аниқлашда, улар салоҳияти, қобилиятини юзага чиқаришда, навқирон авлод вакилларини миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда,- деди тадбир аввалида сўз олган республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева.- Бугунги ўзига хос баҳсда ҳам танловнинг шаҳар, туман босқичида ғолиб бўлган ёш иқтидор эгалари иштирок этишмоқда.
— Танловнинг “Тасвирий ва амалий санъат” йўналишида қатнашяпман,- дейди Қоровулбозор тумани вакили Моҳинур Ҳамдамова.- Институтда таҳсил олиб, айни дамда туман маданият марказида фаолият кўрсатяпман. Биласиз, Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Мен ўз ижодий ишларимда шу серқуёш заминни Ватан деб билган қозоқ, рус, туркман миллатига мансуб юртдошларимизнинг қиёфасини яратишга интиляпман.
Ҳаяжонли кечган танлов якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати “Миллий мақом ва миллий эстрада“ йўналишида Бухоро шаҳри вакили Зуҳра Жумақуловани биринчи ўринга муносиб деб топди. ”Тасвирий ва амалий санъат” йўналишида Бухоро тумани вакили Сабрина Низомова, “Адабиёт ва публицистика” йўналишида вобкентлик Жасур Эсанов ғолиб чиқди.

Ғолиб ва совриндорлар ҳамда “Энг яхши ижодий ёндашув” номинацияси ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг