Ватан қаҳрамонларини унутмайди

22:18 04 Май 2021 Жамият
261 0

Халқимиз тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира — кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни, англатиб турувчи — муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.

Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, халқнинг, миллатнинг тинчлиги ва осойишталигини ўз ҳаловатидан устун қўйиб, кечаю кундуз шу мақсад билан яшаб, бутун умрини шу касбга бахшида этган азиз аждодларимизни қалбимизнинг туб-тубида сақлаб уларнинг босиб ўтган машаққатли йўлларини келажак авлодларимизга етказиб бориш орқали ёш авлод қалбидаги она ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик каби хислатларни мустаҳкамлаб бориш барчамизнинг бурчимиздир.

Бугун сўз юритмоқчи бўлган қаҳрамонимиз — Ички ишлар органларида 34 йил самарали меҳнат қилган, марҳум майор Очил Маликов ҳақида. Майор О. Маликов 1929 йилда Жиззах вилояти Фориш туманида туғилган. 1930 йилда ота-онаси билан Ғаллаорол тумани Қўйтош ШФЙ ҳудудига кўчиб келади. 1950 йилда Собиқ Иттифоқ Ички ишлар идораси милиционери лавозимига хизматни бошлаб, кейинчалик ушбу туманнинг турли ҳудудларида участка инспектори лавозимига тайинланиб, шу лавозимда 1984 йилга қадар хизмат қилади.

Қаҳрамонимиз О. Маликов ички ишлар идораларидаги узоқ йиллик хизмати мобайнида ўзининг ташаббускорлиги, мардлиги ва жиноятчиликка қарши курашишда кўрсатган жасоратлари учун ўндан ортиқ медаллар ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. «Ғалабанинг 50 йиллиги», «Ветеран труда», «Шуҳрат» медали ана шулар жумласидандир.

Бу каби ўз ҳаётини ва соғлиғини юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигига бағишлаб, касбини ҳаётининг мазмунига айлантирган яна кўплаб мард ва жасур аждодларимизни мисол сифатида келтириш мумкин. Жумладан, милиция полковниги Янгибой Темиров, милиция полковниги Қайнар Аршибоев, милиция подполковниги Бегмат Исроилов, милиция капитани Урал Абдухаликов, милиция сержанти Бурон Бакиров ана шундай юксак ҳурмат билан ёдга олинади.

Биз, Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими ходимлари, қалбимизда чуқур ифтихор ва эҳтиром билан шуни айтоламизки, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз. Ушбу муқаддас ғояга доимо содиқ қолиб, ҳуқуқбузарликларнинг хар қандай кўринишига қарши курашишда бор куч ғайратимизни сарфлашга ваъда берамиз.

Қиличбек ЎСАРОВ,
Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари,
майор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер