Вақтинчалик молиявий қийинчиликка учраган 473 та корхонанинг 33,9 млрд.сўм солиқ қарзи тўлов муддатлари узайтирилди
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Музаффар Назаров маълум қилди. Мулоқот давомида у аҳолидан келиб тушган саволларга ҳам жавоб берди.
Савол: Мана бир йилдан ошди эпидемиологик вазият ўзгариб, карантин шароитида кўплаб тадбиркорлик субъектлари турли молиявий ва бошқа қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Солиқ органлари томонидан солиқчи-кўмакчи деган сўзларни кўп эшитамиз. Улар шундай пайтда бизнесга қандай ёрдам кўрсатди? Аниқ рақамлар борми?
Жавоб: «Солиқчи — кўмакчи» тизимини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида тадбиркорларда кўп учраётган ва уларни қийнаётган дастлаб 9 та белгилаб олиниб, қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Биринчидан, солиқ турлари бўйича 21 569 та субъектларнинг 2 534,8 млрд.сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди (шундан, қўшилган қиймат солиғи бўйича 3 841 тасига 2 166,9 млрд.сўм).
Иккинчидан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 290 та субъектларнинг 18,7 млрд.сўмлик солиқ мажбуриятлари уларнинг дебитор қарздорликлари ҳисобидан ундирилиши ҳал қилинди.
Учинчидан, вақтинчалик молиявий қийинчиликка учраган 473 та корхоналарнинг 33,9 млрд.сўм солиқ қарзи тўлов муддатлари узайтирилди.
Тўртинчидан, тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида, 42,8 мингтасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди.
Бешинчидан, янги очилган тадбиркорлик субъектларининг 4,8 мингтасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режимини танлаб берилди.
Олтинчидан, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини кенг тарғиб қилиш орқали мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш тартиби юзасидан 5,5 мингтасига тушунча берилди.
Еттинчидан, солиқ қарзи тўғрисида маълумот сўраб мурожаат қилган 8,6 мингта, шахсий карточкадан кўчирма сўраб мурожаат қилган 3,9 мингта тадбиркорлик субъектларига маълумотнома тақдим этилди.
Саккизинчидан, айланма маблағга муҳтож бўлган 771 та тадбиркорлик субъектларига 139,9 млрд.сўм кредит олинишига кўмаклашилди.
Тўққизинчидан, ер ва бино олишда муаммолари мавжуд 281 та тадбиркорлик субъектларига солиқ органлари ташаббуси билан ер ва бино олишга кўмаклашилди.
Савол: Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий этилган Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 249-сонли қарори билан маҳсулотларнинг (товарлар ва хизматларнинг) ягона электрон миллий каталоги тасдиқланди.
Маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди – бу маълум бир маҳсулот ёки хизмат турига тайинланган белгилар (рақамлар) тўплами кўринишида тақдим этилган маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди.
Қарор билан Давлат солиқ қўмитасига Маҳсулотларнинг (товарлар ва хизматларнинг) ягона электрон миллий каталогини (позиция, субпозиция, бренд ва атрибут) кенгайтириб бориши, яъни маҳсулот ва хизматларнинг идентификация код (МХИК)ларини шакллантириши ваколати берилган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида электрон каталог базасида маҳсулот ва хизматларга босқичма босқич 17 рақамли идентификация кодлари яратилмоқда.
Ҳозирда юқори ликвидли маҳсулотлар, дори воситалари, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари ҳамда имтиёз қўлланилган маҳсулот ва хизматлар учун 10 мингдан ортиқ идентификация коди яратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сон, 2021 йил 28 апрелдаги 249-сон қарорларига мувофиқ МХИК электрон ҳисобварақ-фактуралар, электрон шартномалар ҳамда онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекларида акс эттирилиши лозим.
Барча тадбиркорлик субъектлари tasnif.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали ўзларига тегишли бўлган маҳсулот ва хизматлар учун 17 та рақамли МХИКларни сақлаб олишлари мумкин.
Эслатма: tasnif.soliq.uz порталида Сиз излаётган маҳсулот ёки хизмат тури учун МХИК топилмаган тақдирда, сайтдаги чат орқали ёки 1198 қисқа рақамга қўнғироқ қилган ҳолда МХИК топилмаганлиги тўғрисида хабар қолдиришингиз мумкин. МХИК коди яратилиб 24 соат ичида базага жойлаштирилади.
Августдан бошлаб фойдаланиладиган барча МХИКлар фақат 17 рақамдан иборат бўлиши керак.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг