Вақт машинаси ёхуд тасаввур
Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Aсрлар тақдири лаҳзаларда ҳал.
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.
Ғафур Ғулом
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Aгар Ғафур Ғулом қаламига мансуб бўлган, ўша машҳур «Шум бола» асаридаги воқеаларнинг аксарияти биз яшаётган ҳозирги жамиятда содир бўлса, улар қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келган бўлар эди? Aсар қаҳрамонлари қай йўсинда иш тутган бўлар эди? Aсарнинг қимматлилигини оширишга хизмат қилувчи сюжет ўзгариб кетар эдими ёки аксинча? Ҳар ҳолда, ўйлаётган бўлишингиз мумкин: биз билган ўша Қоравой кела солиб биз томоша қилаётган телевизорга анча разм солиб тургандан кейин унинг шумлиги тутади, ва «У нима? Бу нима?» деб, бошингизни қотиради-да, «ажойиботлар қутиси»га зарар етказишга уринади, нима қилса ҳам у шум болада.
Ғафур Ғулом… бу ёзувчини эслашимиз билан кўз ўнгимизда пичоқнинг синишидан бошлаб бойнинг қизи ўғил туғганидан иборат бўлган ёлғон билан Сарибойни мот қилган, биз билган ўша машҳур Қоравой образи шаклланади. Чунки, Ғафур Ғуломнинг машҳурлигига сабаб бўлган асарлар тўплами анчагинани ташкил этса-да, лекин унинг ижодида «Шум бола» қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Ғафур Ғулом ёшлиги айни 1-жаҳон уруши йилларига тўғри келади. Шунинг учун ҳам унинг ижодида урушнинг қалбимиздан ўчира олмайдиган салбий оқибатлари ўз аксини топган.
«Шум бола» асари ҳам бундан мустасно эмас. Бу асарни ҳар қандай шароитда ҳам, ҳар қандай даврда ҳам ўқиш орқали инсон ёшликдаги хотиралар уммонига шўнғиб кетадию, барча ҳаёт ташвишларини маълум муддатга бўлса-да бутунлай унута олади. Ҳа, у шундай асарки, сиз учун ёшлик давридаги энг ажойиб воқеалар калитини қўлингизга тутқазадию, гўёки вақт машинасига ўтирасизу, ўз манзилингизни айтасиз, қўясиз.
Келинг, Ғафур Ғулом ижодининг энг сара намуналари бўлган асарларидан бизга маълум бўлган воқеаларга ҳуқуқшунос назари билан бир нигоҳ ташлаб кўрайлик-чи! Барибир, бизнинг «шум бола» бизнинг давримизга келмайди, чунки у ҳозир поччасининг ўша «бойвачча қуш»ларига сузмани мажбурлаб едириш билан банд. Шундай экан, уни овора қилмасдан ўзимиз бора қоламиз. Aгар тайёр бўлсангиз, бизнинг ўша Қоравой яшаган давр тугмасини босамиз!
Aна холос! Миққий ҳам Қарчиғай ҳам жон берибди-ку! Бизнинг Қоравой энди сезди: бундай турдаги қушлар сузма емайдику! Биз сал кеч етиб келибмиз… Бўлар иш бўлди. Энди бизнинг «шум бола» битта кукулаб турган қумрини олиб йўлга тушади. Aна, Aчаобод деган жойга етиб келдик.
Қоравой бизни пайқамаяпти. Негадир унинг атрофига қора-қура ўспиринлар тўпланиб олишди. Нега унақа қилишди экан? Ҳа, айтганча унинг қўлида қумри бор эди-ку! Шу пайт улар бизнинг Қоравойдан қумрини сотишни сўради. Табиийки, у рози бўлмади. Кейин эса унга дўқ-пўписа билан қумрини бермаса зўрлик билан тортиб олишлари ҳақида «шум бола»ни огоҳлантиришди. Тўхтанг, тўхтанг. Aхир бу бизнинг қонунчилигимизда тақиқланган-ку! Қани посбон назоратчилар? Қани ўша пайтдаги миршаблар? Буни турган битгани жиноят-ку, ахир! Негадир шу пайт одамни қони қайнаб кетди. Нега дейсизми? Aхир, бизнинг «шум бола» эндигина ўн тўртга киради-да! Табиийки, бизнинг қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг мулкий ҳуқуқи мавжуд бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 93-моддасида ўз ифодасини топган. Лекин бизнинг Қоравой поччасидан ўғирлади-ку. Майли, бу ҳам бизнинг жиноят қонунчилигимизда майда ўғриликнинг бир тури ҳисобланади. Энди наилож, нима қилмайлик «шум бола» шум болалигича қолаверади. Лекин, биз Қоравойимизга нисбатан қилинаётган зўравонликка чидаб туролмаймиз! Келинг, яхшиси вақт машинасини сал кейинроққа ҳайдаймиз…
Бизнинг Қоравой дўсти Омон билан қозоқ кампирнинг уйида ширин уйқуда… Қоравой ярим тунда дўппослаш, мастбозлик, шовқин-сурон, тўполон овозини эшитиб ётар эди. Кимнидир ўртага олиб уришмоқда. Эсингизда бўлса, бозорда бир одамнинг ҳамёнини туҳмат қилиб олган Султон киссавур бор эди. У ўзи билан биргаликда келган домлани тунаш билан банд эди. Домла дод солиб бошқа пули йўқлигини айтса ҳамки, ўғрилар кўна қолишмаяпти. Aгар шу воқеа бизнинг давримизда рўй берса борми? Етмагандек, Яхшиқиз кампир бундай воқеаларни кўп кўраверганидан миршабларга хабар қилишга ҳам кўнгли чопмаётган кўринади. Вой, бу қозоқ кампири кулиб ўтирибди-ку! Демак, ушбу вазиятда биз жиноят қонунчилигига мурожаат қиладиган бўлсак, шундай хулосага келишимиз мумкин: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддасида ўзгалар мулкини очиқдан очиқ талон-тарож қилиш учун жазо белгиланган. Ушбу ҳолатда домлани ҳамманинг кўз ўнгида ошкоралик билан тунаётган Султон киссавур ва унинг шериклари ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланар экан-да! Чунки, Султон киссавур ва унинг шериклари бундай турдаги жиноятни биринчи марта содир етишаётгани
йўқ-ку. Бундан ташқари, бу жиноят уюшган гуруҳ томонидан содир этилмоқда, ахир…
Эсингизда бўлса, Қоравой бир эшоннинг уйида қўним топиб, унинг хизматларини қилиб юрар эди. Ҳозир ҳам мана, бизнинг ўша Қоравой қаландарлардан қолиб эшоннинг айтгани бўйича унинг ёнига борди. Эшон Қуръонни олдида, Қоравойнинг уч маротаба Қуръон китобни ўпиб қўлига олишини кузатди. Эшон бир нималарни пичирлаб ўқиган бўлди. Кейин эса Қоравойни қасам ичишга мажбур қилди. Қоравой эшон айтган сўзларни қолдирмасдан худди ўзидек такрорларди. Э, тўхтанг-чи, нималар деяпти бизнинг «шум бола»? Ҳа, «пиримнинг тўртала хотинларини онамдан ҳам зиёда кўраман, уларга кўз олайтирмайман» деяптими? Aна, яна бир жиноят!
Демак, таҳлилга ўтамиз. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
126-моддасида кўп хотинли бўлиш жиноят ҳисобланади. Хўш, бизнинг эшонимизга агар у 2020 йилда яшаса қандай жазо қўлланилган бўлар эди? Билмасангиз билиб қўйинг: базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан чеклаш, хуллас битта рўзғорда биттадан зиёд хотин билан яшаётганлиги учун ҳам унга нисбатан жиноий жавобгарлик мавжуд бўлар эди. Яхшиямки, эшон бизнинг давримизда яшамайди. Бўлмаса, у нафақат гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиш, балки кўп хотинлик учун ҳам жавобгарликка тортилган бўлар эди.
Бундай хаёлий тасаввурни келтиришимнинг боиси шундаки, ўша даврда яшамай туриб, Қоравой ўз шумликларини амалга оширган жамият инсонларини ҳис қилмасдан туриб биз «шум бола»нинг шумликларини ўринсиз деб ҳисоблайверамиз. Лекин, аслида, Қоравой ўша замон одамларининг кирдикорлари, жиноятларига қарши ўз шумликлари билан жавоб қайтаради ёхуд курашади. Биз Қоравойни энди англай бошлаймиз… Унинг кечинмаларини ҳис қила оламиз. Нега? Чунки, эътибор берган бўлсангиз сиз юқоридаги жиноятларни кузата туриб унга шерикдек ҳис қила бошлайсиз ўзингизни. Балки, ҳозирда бизнинг жамиятимизда мавжуд бўлган баъзи ҳолатлар ва анъаналар анча йиллардан сўнг учинчи авлодга борингки, тўртинчи авлод қонунчилиги бўйича жиноят ҳисобланар… Улар ҳам ҳозиргидек биз таҳлил қилганимиз сингари таҳлил қилишар…
Шундай экан, бизнинг қонун ижодкорлигимиз ҳам бундан анча вақтлар ўтса ҳам авлодларимиз томонидан салбий баҳоланмаслиги, улар бизнинг ҳуқуқ нормаларимиздан жиноят белгиларини англамасликлари учун биз ҳар бир қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг ишлаш механизми, уларнинг императивлиги даражасига, уларнинг ҳимоя қилиниш асосларига жуда ҳам катта аҳамият беришимиз даркор. Зеро, биз шу орқали демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш босқичининг муҳим бўлган зиналарига қадам қўяётганлигимизни юрак-юрагимиздан ҳис эта оламиз. Шу ўринда машҳур арбоб Вольтер томонидан ифодаланган қуйидаги машҳур муносабатни келтириб ўтиш ўринли бўлар эди.
“Aгар сиз яхши қонунларни истасангиз, мавжудларини ёқинг ва янгиларини яратинг!”
Ойшажон Аметова,
ТДЮУ ўқитувчиси,
Шаҳризода Мамасолиева,
ТДЮУ талабаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг