Вагон бўшлиғига яширилган “гашиш”
Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Республикаси. Бу икки қардош халқни азалий умумий тарих ва узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Қадимдан қуда-андачилик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат анъаналари асосида икки давлат ўртасида шаклланган дўстона муносабатлар барқарор ривожланмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларни янада яхшилаш мақсадида, юртимиз орқали транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши учун кенг шароитлар яратиб берилмоқда.
Аммо бу шароитлардан ғараз мақсадларда фойдаланиб, Ватанимиз чегаралари орқали контрабанда ашёларини олиб ўтишга уринаётган айрим кимсалар ҳам учрамоқда..
Бироқ зийрак божхона ходимлари замонавий техник-назорат воситалари ёрдамида бундай уринишларни аниқлаш чораларини кўришмоқда.
2020 йил 18 февраль. Кундуз соат 14:30. Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ҳудудидаги “Бекобод” темир йўл чегара божхона пости. Тожикистондан Ўзбекистонга ушбу бекат орқали 2005-сонли темир йўл таркиби кириб келди. Ўрнатилган тартибга кўра, у “Nuctech RF 6010” русумли инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилди. Ундаги тасвирда вагоннинг платформасида бегона жисм яширилганлиги шубҳа остига олиниб, божхоначилар томонидан мукаммал назоратдан ўтказилди.
Оғуфурушлар бу гал ҳийланинг ҳеч ким хаёлига келмайдиган турини ўйлаб топишганди. Улар ушбу темир йўл составида бўлган 55004444-сонли усти очиқ ярим вагондан фойдаланишмоқчи бўлишди. Бунга божхоначилар иккинчи даражали объект сифатида қарашади деб, ўйлашган шекилли. Шу боис, вагоннинг ён томондаги рамаси ички тарафидаги бўшлиқдан фойдаланишган.
Божхона ходими ҳамда унинг “Чара” лақабли хизмат ити ёрдамида вагоннинг ён тараф рамаси ички тарафидаги бўшлиғида 473,1 грамм “Гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди.
Бекобод тумани ИИБ ЭКМнинг 2020 йил 18.02 даги 15-сонли экспертиза хулосасига асосан, қўшни давлатдан юборилган жўнатма “Гашиш” гиёҳванд моддаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тезкор суриштириб ишлари олиб борилмоқда.
Мавлюда ЧИМБЕРГЕНОВА,
Тошкент вилояти
Божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(“Халқ сўзи”)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг