Вагит Алекперов «Лукойл» президенти ва компания директорлар кенгашини тарк этади
Фото: tass.ru
Россиянинг энг йирик хусусий нефть компанияси «Лукойл»нинг ҳам эгаси, президенти ва асосчиси Вагит Алекперов ўз лавозимини, шунингдек, директорлар кенгаши таркибини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда «Лукойл» баёнотида айтилди. Аввалроқ Алекперов Британия санкциялари остида қолган эди.
Вагит Алекперов компаниядаги 29 йиллик фаолиятидан сўнг уни тарк этмоқда. У 1993 йилда «Лукойл» компанияси президенти ва бошқаруви раиси этиб сайланган. Компаниянинг ўзи ўша йилнинг 5 апрелида ташкил этилган эди.
«Бугун компания директорлар кенгаши раиси номига тегишли истеъфолар юборилди», дейилади «Лукойл» баёнотида.
Таъкидланишича, Алекперов назорат пакети эгаси эмас, у тўғридан-тўғри атиги 3,12 фоиз акцияларга эгалик қилади, шунингдек, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган фондлар орқали 5,43 фоизга эгалик қилади.
Санкциялар ҳақида
14 апрель куни Буюк Британия Вагит Алекперовга қарши санкциялар киритди. У биринчи марта Ғарб давлатларидан бирининг чеклов чоралари остида қолди.
24 февраль куни Россия Украина ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошлади. Ўшандан бери Буюк Британия, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар Россияга қарши мисли кўрилмаган санкциялар киритди. Март ойи бошида «Лукойл» Украинадаги можарога тезроқ барҳам берилиши ва тинчлик келишувларига эришилишига умид билдириши ҳақида баёнот билан чиққан эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг