Узумчиликдаги истиқболли тажрибалар оммалаштирилмоқда

11:44 14 Апрель 2026 Жамият
244 0

Самарқанд вилоятида узумчиликни ривожлантириш ва майиз экспортини оширишга қаратилган янги тажрибалар амалиётга жорий этилмоқда. Бугунги кунда вилоятда жами 54 минг 535 гектар майдонда узумзорлар мавжуд бўлиб, шундан 16 минг гектарга яқини Иштихон тумани ҳиссасига тўғри келади.

Бугунги кунда туманда 62 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан драйвери узумчиликка ихтисослашган 22 та маҳаллада 16 минг гектар узумзорлар мавжуд. Унинг 3 минг гектари аҳоли томорқасида 13 минг гектари эса 494 та фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан парваришлаб келинмоқда.

Мавжуд узумзорларнинг 3 фоизи саноатбоп хўраки, офтоби навлари ва 97 фоиз узумнинг қора кишмиш нави экиб парваришланмоқда. 2025 йил 180 минг тонна узум маҳсулоти етиштирилиб, 39 минг тонна майиз олинди.

Ўртача 1 гектаридан 110 центенердан узум етиштирилиб, ички бозорда 10-12 минг сўмдан сотилмоқда. 1 гектаридан ўртача даромад 110 миллион сўмни ташкил этяпти.

Қайта ишлаб майиз ҳолатига келтирилса 2,9 тонна майиз олинади, бу ички бозорда ўртача 40-50 мингдан сотилмоқда. 1 гектаридан ўртача даромад 130 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Етиштирилган майизбоп узумдан фақатгина тумандаги экспортчи корхоналар томонидан 2025 йилнинг ўзида 15 миллион долларлик майиз экспорт қилинди. Экспорт ҳажмини биргина узум, майизни ўзидан 20-25 миллион долларга етказиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари тумандаги мавжуд 16 минг гектарга яқин узумзорларни 2028 йилгача босқичма-босқич шпол устунларга кўтариш режалаштирилган. Ҳозирги кунгача 4 минг гектар ер майдонларида шпол устунлар кўтарилди.

Хусусан, туманнинг «Баҳрин қаҳрамони» муқобил машина трактор парки ҳудудидаги «Шуйхонтепа узумлари» фермер хўжалигида майизбоп узум етиштириш бўйича катта тажриба тўпланган бўлиб, бугунги кунда бу ердаги ҳосилдорликни оширишга қаратилган илғор тажрибалар оммалаштирилмоқда.

Ҳудуддаги маҳаллалар аҳолиси ҳам асосан узумчилик билан шуғулланиб, ички ва ташқи бозорга майиз етказиб бериб келмоқда. Айни кунларда маҳаллаларда узумзорларни босқичма босқич шпол устунларга кўтариш ишлари амалга оширилмоқда. Мутахассислар ушбу усулнинг ҳосил сифатини яхшилаш, меҳнат самарадорлигини ошириш ва узум парваришини енгиллаштиришдаги аҳамиятини юқори баҳолашмоқда.

— Бу усулда ток новдалари шпол устунларига тортилган симларга таралган ҳолда боғлаб чиқилади. Бунда эса унинг орасидан доимий шамол ўтиб туришига, етиштирилган ҳосилни касаллик ва чиришдан сақлашга хизмат қилади, — дейди Иштихон туманидаги «Полвонариқ» фермер хўжалиги раиси Камол Яхшибоев. — Шунингдек, маҳсулот сифатини янада ошириш, уни ташқи бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтиришда бу усул жуда қўл келади.

Вилоятда фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосил олиш имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, узум ва майиз экспорти ҳажмини 50 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташаббуслар узумчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли даромадларини ошириш ва вилоятнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер