Узумчилик Узундаги маҳалланинг «ўсиш нуқтаси»га айланган
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Янги рўзғор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролар узум етиштириш бўйича катта тажрибага эга. Мазкур маҳалла аҳолиси томорқада воиш усулида узум парваришлаб, мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган, десак, адашмаймиз.
Эътибор беринг, мазкур маҳаллада 1 минг 151 та хонадон бўлса, шунинг 800 га яқинида узум воиши мавжуд. 200 хонадон мўъжазгина томорқасида воиш усулида узум етиштириб келаётир.
Яқинда уста боғбонлар тажрибасини оммалаштириш мақсадида кўргазмали семинар ҳам айни шу маҳаллада ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки бу ерда ҳақиқий маънода ўз ишининг усталари, миришкорлар истиқомат қилади.
Маҳалла одамлари тиниб-тинчимайди. Жорий йил баҳорида Ўткир Раҳимов таклифи билан Нурафшон кўчасининг 400 метр қисмида 200 тупдан ортиқ серҳосил навли узум воиши қурилди. Металл конструкциясидан ихчам ва баланд қилиб барпо этилган воишдаги Ризамат ота, Мерседес, Кетмонсопи, Ҳусайни, Келин бармоқ каби узум навдалари парваришланмоқда. Ишком дастлабки ҳосил нишонларини кўрсатди. Миршикор боғбон узумнинг серҳосил навлари ва уларни парваришлаш усуллари ҳақидаги қатнашчиларга сўзлаб берди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ў. Раҳимов томорқасининг 4 сотих ерида ихчам воиш барпо этган. Тагида ловия ва мош ҳам экилган. Шунингдек, ҳовлининг айвонидаги ишкомда ҳам мўл узум ҳосили товланиб турибди. Ҳар қарич ердан оқилона фойдаланаётган оила соҳибининг айтишича, ўтган йили томорқасидан ўттиз миллион сўмга яқин қўшимча даромад олган. Бу йил ҳосил янада мўл. Шунга яраша даромад ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда.
Бугун узумчилик яхшигина даромад манбаига айланди. Маҳалладаги хайрли ташаббус эса кенг қулоч ёзаётгани эътиборга молик. Чунки маҳаллада узумчилик ҳудуднинг «ўсиш нуқтаси» сифатида танлаб олинган. Шунга мувофиқ, хонадонларда воиш барпо этиш учун 2 миллиард 400 миллион сўм имтиёзли кредит ажратишга доир лойиҳа ишлаб чиқилган. Шу кунгача ана шу маблағнинг 1 миллиард 210 миллион сўми ўзлаштирилди.
Семинар иштирокчилари маҳалла хонадонлардаги ишкомларда серҳосил ва харидоргир узум навларини парваришлаш тажрибасини ўрганишди.
— Ризамат ота, Президент, Келин бармоқ, оқ ва қора Ҳусайни, Шоҳона навли узумларимиз бор, — дейди узумчиликнинг ҳадисини олган А. Тоиров. — Боғни янгилаганимизга тўрт йил бўлди. Ёш узумзордан ўтган йили 50 миллион сўмдан зиёд даромад олдик. Бу йил даромадимиз юз миллион сўмдан ошиши кутилмоқда. Эртачи узумлар пишиб қолди. Ҳар килосига 20 минг сўмдан харидорлар бор.

Маҳалла соҳибкорларининг таъкидлашича, узум парваришлашнинг ўзига хос сиру синоати мавжуд. Эрта баҳорда новдаларни чилпиш керак. Ўз вақтида ширага, чанг ва шўрлашга қарши қайта ишлаш бериш лозим. Маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, меъёрида суғориш, яхши ривожланмаётган ғўраларни ўз вақтида узиб олиш керак. Ана шунда воишдан мўлжалдаги ҳосилни олиш мумкин.
Маҳаллада эрта узиб олинаётган ғўралар шу пайтгача исроф бўлган ёки чорва молларига берилган бўлса, бу йил ғўрадан сирка олиш синовдан ўтказилмоқда. Демак, энди ғўра ҳам исроф бўлмайди. Ундан қўшимча даромад олиш ўзлаштирилмоқда.
Илҳом РАҲМАТОВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг