Узумчилик мактаби шаклланиб бормоқда
Фото: Халқ сўзи
Булоқбоши туманида узумчилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Фермер хўжаликларидан ташқари, аҳоли хонадонларида ҳам экспортбоп узум ҳосили етиштириш анъанага айланган. Ушбу йўналиш орқали ҳар бир хонадон йилига ўртача 20 млн. сўмдан қўшимча даромад олишида сердаромад узум навларининг аҳамияти катта, албатта! Миришкорларнинг бу борада ҳам омадлари чопган. Негаки, янги навлар туманнинг ўзида яратилмоқда. Мисол учун, Муҳаммаджон Бўронов бошчилигидаги фермер хўжалигини олайлик. Бу ерда маҳаллий шароитга мослаштирилган сердаромад, касалликка чидамли ва узоқ сақлаш имкони мавжуд бўлган узум кўчатлари етиштирилмоқда.

— 7 гектардан иборат майдонда узум кўчатларини парваришламоқдаман, — дейди фермер суҳбат чоғида. — Ўтган йили 30 минг туп кўчат тайёрлаб, вилоятдаги фермер хўжаликлари ва аҳолига етказиб бердик. Бу йил ҳам 1 гектар майдонда 50 минг туп янги, сердаромад узум кўчатларини етиштирдик. Бундан ташқари, 5 гектардаги узумзордан 20 тонна ҳосил олдик.
Фермер хўжалигида ҳар бир қарич ер ҳисобли. Шу боис сўриток устида ҳосил етиштирилса, остида кўчат парваришланади. Келгусида янги навларни яратиш билан бир қаторда узумчиликда муҳим озуқа ҳисобланмиш биогумус тайёрлаш ҳам режага киритилган. Бир сўз билан айтганда, туманда соҳага оид билим ва тажрибалар тобора шаклланиб, узумчилик мактаби тараққийлашиб бормоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг