Узоқ муддатга мўлжалланган ҳаётбахш дастур

13:28 21 Декабрь 2022 Жамият
509 0

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини ўз ичига қамраб олган долзарб масалалар кўлами ва кўзланган мақсадларига кўра узоқ муддатга мўлжалланган ҳаётбахш дастур бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Мурожаатномада халқ фаровонлиги ҳамда мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этувчи қатор ташаббуслар илгари сурилди. 7 та асосий йўналишни ўз ичига қамраб олган маърузада давлатимиз раҳбари қайси соҳа хусусида тўхталмасин, уларни батафсил таҳлил қилиб, муаммоларни ҳал қилиш механизмларини ҳам кўрсатиб берди. Аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Президентимиз эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Конституцияда алоҳида ўрин эгаллаши кераклигига алоҳида урғу берди.

Жаҳонда мураккаб геосиёсий вазият, энергия ресурслари танқислиги кучайиб бормоқда, озиқ-овқатга эҳтиёж ортиб, молиявий ресурслар қимматлашаётган вазиятда, қанчалик оғир бўлмасин, юртимизда иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, бу борада ички имкониятлар тўлиқ сафарбар қилиниб, хусусий сектор янада қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилишини маълум қилди.

Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлишини қайд этди. Бу ҳар бир тадбиркорнинг ўз молиявий қобилиятидан келиб чиқиб, индивидуал солиққа тортилишини билдиради.

Бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши борасида тўхталаркан, бизнес муҳитини яхшилаш учун фақат солиқни камайтиришнинг ўзи етарли эмаслигини айтди.

Тадбиркорлар ҳануз солиқ, божхона, ҳокимият, электр, кадастр, ёнғин хавфсизлиги, санитар назорат каби идоралар томонидан маъмурий босимларга учраб тургани боис, 2023 йилда назорат қилувчи ва рухсат берувчи идоралар фаолияти яна бир марта танқидий кўриб чиқилади.

Давлатимиз томонидан юқорида белгилаб берилган вазифаларнинг барчаси халқ ноиблари бўлган депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Юртбошимизнинг амалий натижадорликка даъват руҳидаги чақириқларини катта мамнуният билан масъулиятни ҳис этган ҳолда қабул қилишимиз лозим.

Инсонга эътибор ва халқнинг нажоти бўлган сифатли таълим бўлмаса мамлакат тараққиёти ҳақида сўзлаш ноўрин. Мамлакатимиз раҳбарининг келгуси 2023 йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йили деб ном бергани ҳам бежиз эмас.

Зиммамизда турган галдаги вазифа – Мурожаатномада кўрсатиб берилган вазифаларни амалга оширишда якдиллик билан оғишмай ҳаракат қилиб, халқимиз ва тадбиркорларимиз билан яқиндан мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаб турган муаммоларни тизимли ўрганиб, ижобий ҳал этилишида кўмакчига айланишимиз зарур.

Бу борада депутатларга берилган катта ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз лозим. Зеро, халқ ноибларига умид ва ишонч билан қараган халқимизнинг истаги ва манфаати йўлида хизмат қилишдан улуғ мақсад йўқ.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер