Уруш қатнашчиларига эҳтиром кўрсатилмоқда
Хоразм вилоятида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига йўллаган табрикномаси, пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилмоқда.
Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, жамоатчилик вакиллари ҳамда ҳарбий оркестр ҳамроҳлигида Янгибозор туманининг Қаландардўрман қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулла Аҳмедов хонадонида бўлиб, отахонга давлатимиз раҳбарининг табрикномаси, 12 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.

Абдулла бобо бу йил 96 баҳорни қарши олди. Урушдан қайтгач 1966 йилгача қишлоқ хўжалиги соҳасида, кейин Янгибозор қурилиш монтаж бошқармасида механик вазифасида ишлади. Нафақага чиққач невара-чеваралари, яқинлари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
–Қайнотамни отам ўрнида кўраман, – дейди Абдулла бобонинг келини Қурвоной Қаландарова. – Тақдир экан 25 ёшимда икки нафар фарзандим билан бева қолдим. Шундан сўнг отам умрини мен ва икки нафар фарзандимга бағишлаб, рўзғор юкининг ёлғиз бошимга тушишига, болаларнинг кўнгли ўксишига йўл қўймади. Йиллар мобайнида отам фақат биз учун яшади. Энди эса мен отам учун яшаяпман. Бу табаррук ёшда у кишининг хизматини қилиб, дуосини олиш бахти насиб этганига шукрона айтаман. Худога шукр, 73 ёшга кирдим, невара чеваралар йиғилса бир уйга сиғмайди. Отамизга кўрсатилаётган ҳурмат эътибор учун оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман!
Бугун Хоразм вилоятида салкам бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган 17 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 870 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари давлатимиз ардоғи, халқимизнинг эъзозида ҳаёт кечирмоқда. Байрам муносабати билан уларга совғалар улашилиб, ҳурмат эҳтиром кўрсатилмоқда.
Одилбек Одамбоев,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг