Уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди
Фото: Мудофаа вазирлиги
Шарқий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматчилар томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, мустақиллигимизни таъминлаш йўлида жон фидо қилган юрт ўғлонларининг яқинлари, меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан Олтиариқ ва Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи уруш фахрийлари хонадонларига ташриф буюрилди. Йўқловга келган ҳарбий хизматчилар томонидан нуронийлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур бўлган дори воситалари тарқатилди.
Ўзаро суҳбат давомида фахрийлар ўзларининг ҳаёт йўлларини хотирлаб, ҳозирги тинчликни қадрига етиш, шукроналик келтириш зарурлиги ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди. Ҳарбий хизматчиларнинг ташрифидан мамнунлигини айтиб, юртимиз тинчилиги абадий бўлсин, дея қўлларини дуога очди.
Бундай йўқлов тадбирлари “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!» шиори остида ўтказилиб келинаётган ватанпарварлик тадбирлари билан бир қаторда ўтказилиб келинмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг