Уриб турсин, “Меҳрибон юрак” !
Навоий вилоятида саккиз нафар боланинг юрагида мураккаб жарроҳлик операциялари белгиланган муддатидан илгарироқ ўтказилади.
Бунинг боиси, Республика Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида бошланган “Меҳрибон юрак” мега-акцияси кутилганидан кўпроқ самара бераётганлигидир.

Мазкур акция илгари хабар берганимиздек, вилоятда турли кўринишдаги юрак хасталигидан азият чекаётган 300 нафарга яқин болани даволаш, зарур бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказиш мақсадида ташкил этилган эди. Ундан жамғарилган ҳомийлик маблағлари юрак хасталигига чалинган болаларни жарроҳлик операциясига тайёрлаш ҳамда операциядан кейинги муолажаларга йўналтирилади. Операциянинг ўзи эса мутлақо бепул.

Акция Республикамиз ҳамда Япония, Хитой, Россия каби давлатларда таълим олаётган ўзбек ёшлари томонидан ҳам илиқ кутиб олиниб, кенг кўламда тарғиб қилинди.
- Юрак хасталигига чалинган болаларнинг аксарияти кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзанди, - дейди вилоят ҳокими К. Турсунов акцияни қўллаб-қувватлаб. - Таъкидлаш жоиз, ҳар бир ногирон ўша оиланинггина эмас, балки бутун жамиятнинг ташвиши. Ногирон парвариши, унинг дори-дармон таъминоти, нафақа тайинлаш, уйда таълимни ташкил этиш, хуллас ўнлаб кишилар унинг атрофига жалб этилади. Шу жиҳатдан ҳар бир ногиронни соғлом ҳаётга қайтариш, унга фаол ҳаётнинг имконият эшикларини очишдан четда турмаслик жамият, бинобарин ўз ташвишидан четда турмаслик билан баробар.

Акцияга кеча расман старт берилиб, унинг мундарижасидаги 20 лойиҳадан 10таси ўтказилди. Чунончи, ихтиёрий (донорлик) беғараз қон топшириш акциясида 200 нафардан ортиқ турли соҳа ходимлари, ёшлар иштирок этди. Лойиҳа доирасида юриш марафони, спорт мусобақалари, расмлар танлови каби тарғибот тадбирлари ташкил этилди. “Ёшлар хиёбони”да гала концерт уюштирилиб, минг-минглаб ёшлар, кенг жамоатчилик иштироки таъминланди.

Шу кунга қадар акция доирасида вилоятнинг туман(шаҳар)ларидан келган ёшларнинг 20 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди ва шифокорлар томонидан хулосалар берилган эди. Уларнинг 8 нафари йил ниҳоясига қадар операция қилинади.
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг