Ургутда янги болалар оромгоҳи очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Ургут туманининг Омонқўтон маҳалласи ҳудудида жойлашган собиқ “Дўстлик” болалар оромгоҳи бугун янгича қиёфада намоён бўлди.
Гап шундаки, “Замин травел” масъулияти чекланган жамиятига ноль қийматда инвестиция киритиш мажбурияти билан берилган оромгоҳ ўрнида бугун замон талабларига мос болалар соғломлаштириш маскани ташкил этилди.
“Dostlik Mountain resort” деб номланган мазкур хусусий болалар соғломлаштириш оромгоҳининг қурилиш ишлари якунланиб, янги объект фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда вилоят ва туман жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 23 миллиард сўм бўлиб, биринчи босқичда собиқ “Дўстлик” оромгоҳи ўрнида 160 ўринга эга замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишга туширилди.
4,8 гектар майдонда барпо этилган соғломлаштириш оромгоҳида мавсум давомида 320 нафар боланинг дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Асосий бинодан ташқари 200 ўринли ошхона, мини-футбол, волейбол, баскетбол майдонлари, бассейн, ҳар бир гуруҳ учун суҳбат майдончалари, амфитеатр мавжуд.
Биринчи босқичда белгиланган режаларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 30 та янги иш ўрни яратилди. Келгусида болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун тоғ туризми бўйича ҳудуддаги ўрмон хўжалиги бўйлаб саёҳат йўлаклари ташкил қилинади. “Замин травел” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг иккинчи босқичида 2024 йил бошига қадар ҳудудда 100 ўринли меҳмонхона қурилади.
вилоятда 2023 йилда туризм соҳасида умумий қиймати 5,9 триллион сўмлик 180 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улардан 55 таси жойлаштириш воситалари, 41 таси дам олиш ва кўнгилочар масканлар, 45 таси умумий овқатланиш ва 39 таси бошқа туризм объектларидир.
Янги лойиҳаларни амалга оширилиши ҳисобига жорий йилда вилоятда 5500 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг