Ургут туманига ҳам янги ҳоким тайинланди
Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги
Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳокими ҳам ўзгарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 5 август куни Халқ депутатлари Ургут туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Унда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижаларга тўхталган.
Сессияда, шунингдек, ташкилий масала кўрилган. Хусусан, Ботир Жабборов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ургут тумани ҳокими вазифасидан озод этилган. Вилоят раҳбари Сайидқулов Дилмурод Бастамович номзодини Ургут тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини билдирган. Шундан сўнг номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Вилоят раҳбари янги ҳокимга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берган ҳамда фаолиятида муваффақиятлар тилаган.
Маълумот учун, Дилмурод Сайидқулов тайинловга қадар Самарқанд вилоят прокурори ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шунқор Худойбердиев Пайариқ тумани ҳокими лавозимига, Бехзод Раҳматуллаев Тойлоқ тумани ҳокими лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг