Ургут ЭИЗда жинси маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

12:08 27 Апрель 2020 Иқтисодиёт
2341 0

Коронавирус пандемияси давом этаётган карантин вақтида хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга таъсир этиши мумкин бўлган иқтисодий-молиявий зарбаларни юмшатиш борасида муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси бугун ҳудуддаги мавжуд ресурс ва хом ашё манбаларидан самарали фойдаланиш, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шуни алоҳида айтиш керакки, мазкур ҳудуд учун вилоятнинг Ургут туманидан 390 гектар, Паст Дарғом туманидаги “Дўстлик” массивидан 66 гектари, Нуробод туманининг “Сазаған” массивидан 360 гектар, Самарқанд шаҳрининг “Хишраш-2” массивидан эса 102 гектар ер майдони ажратилди. Шу кунларда 918 гектардаги эркин иқтисодий ҳудудда янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

— Албатта, шундай синовли кунларда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлардан асосий мақсад уларнинг инқирозга учрашини олдини олишдир. Эътиборлиси, “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги 70 та лойиҳадан 43 таси ишлаб чиқаришни бошлаган. Натижада, 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил қилинди, — дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори ўринбосари Абдуғаффор Мадаров. — Корхоналар томонидан 2020 йилнинг 1-чорагида 220 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 6,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилди. Айни мураккаб шароитга қарамасдан, амалдаги йилда 13 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган. 2020 йилнинг 1-чорагида 2 та лойиҳа ишга туширилиб, 350 та янги иш ўринлари яратилди.

Хусусан, яқинда умумий қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган жинси маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида “UR JEANS” МЧЖ корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иш олиб бораётган мазкур қувват 80 нафар ёш йигит — қизларнинг бандлигини таъминлади. Улар хориждан келтирилган электрон тикув машиналарида жинси матосидан турли маҳсулотлар тайёрлашмоқда.

— Корхонамизда кутилаётган ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5,4 миллион АҚШ долларини ташкил этади, — дейди корхона раҳбари Бекмурод Ҳакимов. — Шундан 1,6 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

Корхонанинг 22 ёшли ишчиси Ривожиддин Эргашев ҳам дастлаб Тошкентдаги йирик корхоналарда тикувчилик борасидаги маҳоратини ошириб, бу касбнинг бор сир-асрорларини пухта ўзлаштириб келди. Бугун тажриба ва малака унинг оиласига даромад олиб келяпти.

Корхона жамоасининг режалари улкан. Келгусида тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, экспорт қилиш устида иш олиб бориляпти. Бундан ташқари, ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга ихтиёрий равишда саховат ёрдамларини кўрсатишни ўз олдига мақсад қилган.

Эркин иқтисодий зонадаги “Ургут микро метал” масъулияти чекланган жамияти ҳам фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмади. Шунга қарамасдан, ишлаб чиқаришни тобора кенгайтириб боряпти. Ранг-баранг тиш чўткалари харидорларга ўз вақтида етказилмоқда. Корхона раҳбари Шаҳоб Мирбобоев элбошига иш тушган бир вақтда янги иш ўринлари ташкил қилиш, эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишни савоб амаллардан бири деб билади. Шу боис бу борадаги эзгу амалларни манзилли тарзда йўлга қўйган.

Ургутдаги “Sam Ferre” хусусий корхонаси ҳам иш ўринларининг барқарорлигини таъминлашга, фаолиятини бир маромда олиб боришга катта эътибор қаратган. Корхонада маиший техника туркумига кирувчи 30 турдаги газ ва электр плиталари, 10 хил турдаги музлатгич ва совутқичлар, қурилиш материалларидан пўлат эшиклар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, янги лойиҳалар устида иш олиб бориляпти.

— Шу пайтгача, шаҳар ва туманларимизни ободонлаштириш, экологиясини янада яхшилаш учун чиқинди қутилари тайёрланган бўлса, ҳадемай илғаб бўлмас, ер остида жойлаштириладиган чиқинди қутилари ишлаб чиқарилади, — дейди “Sam Ferre” хусусий корхонаси директори Акмал Аҳмедов. — Шунингдек, декоратив дарахтлар етиштирилмоқда. Буларнинг барчасида ёш йигитлар меҳнат қилишяпти. Айни дамда уларнинг бандлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ҳудуддаги ишсизликни камайтиришга ёрдам беради.

Дарҳақиқат, шундай кунларда иш фаолиятини бир зум бўлса-да тўхтатмай, карантин талаблари асосида тўла қувват билан ишлаётган тадбиркорларимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётгани, аксарият кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар рўзғорига қут-барака олиб кириш баробарида, бир қатор ижтимоий — иқтисодий муаммоларни бартараф қилинишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер