Урганчда заргарлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинди

14:46 13 Октябр 2023 Жамият
323 0

Фото: “Халқ сўзи”

Заргарлик Хоразмда қадимдан халқ амалий санъатининг жозибадор кўриниши сифатида эъзозлаб келинади. Азалдан Хива шаҳри олтин ва кумушдан тайёрланган зеб-зийнатлар савдосининг муҳим чорраҳаларидан бири саналган. Бугунги кунда ҳам вилоятда 140 нафарга яқин ҳунармандлар заргарлик фаолияти билан шуғулланади.

Кейинги йилларда заргарлик тармоғини тиклаш ва ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар, жумладан, ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлардан фойдаланиш имкониятининг берилиши натижасида маҳаллий заргарлик маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми ошди.

Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан маҳаллий заргарлик брендлари тарғиботини кучайтириш, мамлакатимизда заргарлик кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазма савдоларида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрида ташкил этилган заргарлик кўргазма-савдоси ҳам ана шу борадаги саъй-ҳаракатлар натижаси бўлиб, унда нафақат хоразмлик ишлаб чиқарувчилар, балки республикадаги таниқли заргарлик корхоналари, ҳунармандлари, савдо ташкилотлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этдилар.

– Биз бу кўргазмага ўзимиз тайёрлаган бир неча хил турдаги олтин ва кумуш тақинчоқлар билан келдик, – дейди заргар Абдулҳамид Каримов. –Хоразмдаги бу кўргазма-савдо биз учун маҳсулотларимизнинг ўзига хос тарғиботи бўлди. Маҳаллий заргарлар билан танишдик, ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик келишувларини тузаяпмиз.

Айни кунда мамлакатимизда ички бозорда сотувга чиқарилаётган заргарлик буюмларининг маълум қисми хориждан импорт қилинмоқда. Миллий заргарлик брендларининг тарғиботи эса импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ёрдам беради.  

                                                                            Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер