Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи фаолияти тугатилади

10:58 07 Апрель 2021 Жамият
8819 0

2021 йилда лицей ўқувчиларининг таълим жараёни тугаганидан сўнг, Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи, майор Тимур Нарзиев «Халқ сўзи»га маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 22 майдаги «Ҳарбий академик лицейлар фаолиятини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ҳарбий касбга йўналтирилган лицей базасида 450 ўринли Ҳарбий юридик йўналишдаги Урганч академик лицейи ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонининг 9-бандида республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилгач, ушбу муассаса Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи дея номланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги «Ўсмирларни ҳарбий - ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизматлари учун кадрлар заҳирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори талабларига кўра Мудофаа вазирлиги ҳарбий-юридик йўналишдаги Урганч академик лицейи фаолиятини тўхтатиш ҳамда унинг бинолари (иншоотлари) ва унга туташ ҳудудлари 2019/2020 ўқув йилида ўқишга кирган ўқувчилар амалдаги ўқув дастури бўйича ўқишни якунлагандан сўнг ўрнатилган тартибда Хоразм ҳокимлигига топшириш белгиланган.

Юқоридаги қарорга асосан, 2021 йилда лицей ўқувчиларининг таълим жараёни тугаганидан сўнг, Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейи фаолияти тўхтатилади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер