Умуммиллий имтиҳондан иншолар танловигача: Конституция байрамига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
Адлия вазирлиги томонидан “Аҳолига қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказиш ва Конституция куни арафасида ташкил этилаётган тадбирлар” мавзуида матбуот анжумани ташкил қилинди.
Тадбирда Конституция байрами арафасида Адлия вазирлиги томонидан аҳоли учун ташкил қилинаётган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, аҳолининг Конституциявий билимларини оширишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш мақсадида 2 босқичли Умуммиллий Конституция имтиҳони ўтказилмоқда. Имтиҳонда иштирок этиш ихтиёрий, ҳозирги маълумотларга кўра 170 мингдан ортиқ фуқаролар тест учун рўйхатдан ўтган.
Имтиҳон 3 тоифа аҳоли ўртасида, булар юристлар, ўқувчи-ёшлар ва бошқа аҳоли қатлами учун алоҳида-алоҳида 1-босқич тест шаклида, 2-босқич суҳбат шаклида ўтказилмоқда.
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Конституция ҳуқуқларим пойдевори” мавзусида “туман-вилоят-республика” босқичларида иншолар кўрик-танлови ташкил қилинмоқда.
“Адлия ҳуқуқий марши” шиори остида 5 декабрь куни Шайхонтоҳур туман адлия бўлимидан бошланиб Сайилгоҳ кўчасида якунланадиган ҳуқуқий акция ўтказилади. Ҳуқуқий марш давомида аҳолига турли сайёр хизматлар кўрсатиш, бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат бериш ҳамда Сайилгоҳ кўчасида кўнгилочар ва совринли тадбирлар ташкил қилиш режалаштирилган.
Конституциянинг барча аҳоли қатламига етиб боришини таъминлаш мақсадида Конституция китоби билан бир қаторда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган брайл алифбосидаги Конституция ҳам чоп этилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмунини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, шунингдек веб-ресурслар – турли сайтлар, телеграм канал ва ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар юритиб келинмоқда.
Хусусан, “Huquqiy axborot” телеграм каналида умумий ҳисобда 350 минг обуначи мавжуд ва бугунги кунда қонунчиликдаги янгиликларни тезкор етказиш бўйича асосий манбалардан бири ҳисобланади.
Ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш – “Legal Tech” ахборот тизими ишга туширилган. “Legal Tech” электрон ахборот тизими кичик ва ўрта бизнес вакиллари, аҳолининг кам таъминланган қатламларига, шунингдек бошқа фуқаро ва ташкилотларга юристлар (адвокат) иштирокисиз ҳуқуқий ҳужжатларни автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш имкониятини беради.
Ҳозирда тизимда ҳуқуқий ва бошқарувга оид 1 300 га яқин ҳужжат намунаси жойлаштирилган. Тизимдаги намуналар қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритиб келинмоқда. Натижада тизимдан фойдаланиш 2.4. баробарга ортиб, 2023 йилнинг 10 ойида 986.7 мингни (2022 йил 10-ойида 407.5 минг) ташкил қилган.
kurslar.huquqiyportal.uz портали ўз ҳуқуқий саводхонлигини ошириш истагида бўлган барча фуқаролар бепул курсларда ўқиши мумкин. Бугунги кунда порталга жойлаштирилган курслар сони 20 тани ташкил этиб, фойдаланувчилар сони 22 мингдан ортиқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг