Умуммиллий ҳаракат: ҳамжиҳатлик муштарак мақсадларни кафолатлайди

18:33 17 Ноябрь 2023 Жамият
223 0

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида пойтахтимиздаги ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ва маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан бир қатор учрашувлар ўтказмоқда.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Сергели, Юнусобод, Миробод туманлари аҳолиси билан мулоқотлар чоғида кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маърифий-маънавий, тиббий ва экологик соҳаларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадлар ижроси, шунингдек, парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ҳамда бугунги кунда пойтахтимизда рўёбга чиқарилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

— Кенг жамоатчилик вакиллари билан мулоқотларда кўп саволлар яқинда қуйи палатада қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун ҳақида бўлди, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. — Ушбу ҳужжат ҳақида йиғилганларга батафсил тушунчалар бердик. Аралаш сайлов тизимининг аҳамиятли жиҳатлари, бу амалиёт парламентнинг кейинги чақириғига татбиқ этилиши юзасидан батафсил тўхталиб, бу ҳақда аҳолининг қай даражада хабардорлиги билан қизиқдик. Амин бўлдикки, кўпчилик қонуннинг асл моҳиятидан бехабар. Шу боис, биз, депутатлар уни аҳоли ўртасида янада кўпроқ тарғиб қилишимиз мақсадга мувофиқ. Чунки ушбу қонун мамлакатимиз эртанги куни, фарзандларимиз келажаги, қолаверса, ҳар биримизнинг фаровон ҳаётимиз учун долзарб аҳамиятга эга бўлиб, бунга лоқайд қарамаслигимиз керак.    

Маълумки, сўнгги пайтларда юртимиз қатор нуфузли халқаро тадбирларга мезбонлик қилаётгани, уларда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этаётгани Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни юксалиб бораётганини кўрсатади.

Самимий мулоқотларда нуронийлар, маҳалла фаоллари бу ҳақдаги маълумотларни катта қизиқиш билан тингладилар. Айниқса, 8-9 ноябрь кунлари пойтахтимизда Президентимиз раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити юқори даражада ўтказилгани, унда илгари сурилган муҳим ташаббуслар қўллаб-қувватланганини йиғилганлар фахр билан тилга олишди. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат алоҳида эътироф этилди.

Учрашувларнинг “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ташкил этилаётгани бежиз эмас. Бу депутатларнинг аҳоли билан муносабатларини янада яқинлаштириш баробарида, барчани муштарак мақсадга — ҳамжиҳатликда ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” барпо этишда муносиб улуш қўшишларини таъминлашга хизмат қилади.

Мулоқотлардан сўнг, Қонунчилик палатаси депутатлари нуронийлар, маҳалла фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ёшлар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги бир қатор умумтаълим мактаблари, маҳаллалар, тиббиёт муассасалари ҳудудида мевали ва манзарали кўчатлар экдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер