Умрнинг нурли бекати: унда қалам, масъулият ва инсон қадри мужассам

23:40 26 Март 2026 Жамият
408 0

Март ойининг илиқ нафаси бу йил ҳам кўплаб қалбларга қувонч олиб кирди. Табиат уйғониб, инсон руҳига янгича куч бағишлаган шу фаслда, умр йўлининг 80-бекатига етиб келган бир инсон атрофида йиғилганлар қалбида алоҳида илиқлик бор эди. Бу оддий сана эмасди — бу ҳаёт, меҳнат ва садоқат билан безалган умр довонининг навбатдаги бекати.

26 март тонгидан бошлаб Адиблар хиёбони томон ошиққан одамлар қадамида бир интилиш, бир эҳтиром сезиларди. Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залига кириб келаётган ҳар бир инсон қалбида устозга бўлган ҳурмат ва миннатдорлик мужассам эди. Бу ерда публицист ва адиб, устоз ва тарбиячи — Аҳмаджон Мелибоевнинг 80 йиллик ижодий йўли шарафланаётган эди.

Унинг ҳаёт йўли оддий қишлоқдан бошланган. Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Саффед Булон қишлоғида туғилган истеъдод кейинчалик минглаб қалбларга таъсир этган қалам соҳиби бўлиб етишди. Тошкент давлат университетида олган билимлари унинг ҳаёт йўлига мустаҳкам асос бўлди. Илк қадамларини ёшлар газетасида бошлаган журналист тез орада ўзининг ўткир қалами, теран фикри билан ажралиб турди.

Йиллар ўтиб, у катта таҳририятларда масъул лавозимларда ишлади. Телевидениеда сиёсий шарҳлар берди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига раҳбарлик қилган даврларида нашрнинг нуфузи ва таъсири юқори чўққига кўтарилди. Газета адади салкам миллион нусхаларга етиб, халқ қалбига йўл топди.

Давлат хизматидаги фаолияти ҳам унинг масъулиятли шахс эканини кўрсатди. Президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаган йилларида ҳам у қаламни қўлдан қўймади. Кейинги йилларда “Жаҳон адабиёти” журналидаги фаолияти унинг адабиётга бўлган садоқатини яна бир бор намоён этди.

Аҳмаджон Мелибоевнинг асарлари — бу ҳаётнинг ўзидек ранг-баранг. “Бир заминда яшаймиз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди” каби китобларида инсон ва жамият муносабатлари теран таҳлил қилинган. Унинг ҳар бир сўзида ҳаёт ҳақиқати, ҳар бир сатрида инсон тақдири мужассам.

— Миллий публицистикамизнинг етук дарғасининг устоз сифатидаги хизмати алоҳида эътирофга лойиқ, — дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов. — 2004 йилда ташкил этилган “Маҳорат мактаби” бугун ҳам ёш қаламкашлар учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. У ерда тарбияланган шогирдлар бугун журналистиканинг турли соҳаларида фаолият юритмоқда. Устознинг ҳар бир дарси бу фақат касб сирлари бўлибгина қолмай, ҳаёт сабоғи ҳамдир.

Тадбир давомида айтилган самимий сўзлар, ёдга олинган хотиралар бу инсоннинг қанчалик катта мактаб яратганини яна бир бор исботлади. Шогирдларининг кўзларидаги ифтихор, ҳамкасбларининг эҳтироми бу энг катта мукофотдир.

Юзлаб мақолалар, ўнлаб китоблар, минглаб шогирдлар — бу рақамлар ортида бир инсоннинг бутун умри мужассам. Аҳмаджон Мелибоев учун ижод — бу касб эмас, бу ҳаёт тарзи.

80 йил бу фақат сана эмас. Бу тажриба, сабр, изланиш ва энг муҳими, инсонларга хизмат қилиш йўлида ўтган умрдир. Унинг қалами ҳали ҳам жонли, фикри ҳали ҳам ўткир. Бу эса янги асарлар, янги фикрлар ҳали олдинда эканидан дарак беради.

Умрнинг бу нурли бекатида туриб, устозга қараб шундай ниятлар қилиш мумкин: ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон қаримайди. У фақат вақт билан янада бойийди, янада теранлашади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер