Умрбоқий анъаналар тантанаси

14:13 21 Март 2022 Жамият
1578 0

Фото: Халқ сўзи

Наврўз умумхалқ байрами Тошкент вилоятига ўзгача шукуҳ билан кириб келди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 10 мартдан буён ташкил этиб келинаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларида бу жараён яққол кўзга ташланиб турибди. Байрам дастурхона учун аҳолига гўшт-сут, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари арзонлашган нархларда тақдим этилмоқда.

Куни кеча вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшонда «Баҳор вальси» янгради. Рус, украин, татар, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман, корейс каби юздан ошиқ миллат вакиллари Тошкент кўчаси бўйлаб бошланган халқ сайлига ошиқдилар. Турли миллат ва элатларнинг бир оила фарзандларидек ёнма-ён шахдам қадам ташлаб, хуш кайфият билан бир-бирини самимий қутлаши киши ҳавасини келтиради. Бу, албатта, меҳмондўст, бағрикенг, бунёдкор, санъатсевар халқимиз каби беғубор ва қадриятларга бой бўлган Наврўзнинг ўзига хос шукуҳи ҳамда анъанасидир. Бу юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, фаровон турмуш, юксалиш, меҳр-оқибат тантанасидир.

Умумхалқ сайли Тошкент йўли кўчасида жойлашган вилоят бошқарма ва ташкилотлари бинолари олдида тикланган саҳналарда, туман ва шаҳарлар учун ажратилган махсус майдончаларда катта тантана билан давом этди. Эл ардоғидаги таниқли санъаткорлар, сўз усталари, халқ артистлари ва машҳур театр намояндалари иштирокидаги байрам дастурлари чор-атрофга шодлик куй-қўшиқларини таратди.

Барча байрам дастурхонлари баҳорий таомлар, пазандалар тортиқ қилган пишириқ ва ширинликлар билан лиммо-лим тўлди.

Паркент, Бўстонлиқ, Бекобод, Бўка, Ангрен, Оққўрғон, каби ҳудудлар аҳолисининг ўзига хос миллий урф-одатлари, анъаналари, санъат намуналари, ялла ва лапарлари байрам тантаналарига уйғунлашиб, ажиб манзара касб этди.

Вилоят ҳокимлиги рўпарасидаги амфитеатр атрофида эса узоқ-яқин қишлоқларда яшаб ижод қилаётган мусаввирлар, ҳунармандлар, наққошлар, тикувчи ва чеварларнинг қўл меҳнати маҳсули бўлмиш ажойиб санъат намуналари кўргазмаси намойиш этилди.

Бугун Наврўз айёми шодиёналари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кўтаринки руҳда давом этмоқда. Муҳтожлар, кексалар, беморлар хонадонига ташриф буюрилиб, меҳр-мурувват улашилмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер