Умаржон отанинг умри узайди...

09:53 24 Октябр 2024 Жамият
226 0

Фахриддин БОЗОРОВ/«Халқ сўзи». Пискент туманидаги Мингтепа маҳалласида яшовчи Умаржон ота етмиш беш ёшни қоралаган бўлса-да, ҳалиям томорқадан бери келмайди. Ҳар куни нимадир қилмаса кўнгли жойига тушмайди. Оила аъзолари билан доим ҳаракатда. Ҳаракат эса хонадонига барака келтирмоқда. Бўлмаса, 25 сотих ердан 200 миллион сўмдан ортиқ даромад олишнинг ўзи бўладими? Омилкорлик, меҳнатсеварлик ва ишбилармонликнинг амалий намунаси бу.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида пискентлик бу отахон ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Болалари, набиралари тақдирига бефарқ бўлмаган, меҳнатда уларга намуна бўлган, рўзғорига қут-барака олиб кирган шу томорқачига орден берсак арзийди, деди. Отахоннинг эса бу таърифдан боши кўкка етди.

—Президентимизнинг мен ҳақимда айтган илиқ гапларини эшитиб, ёшариб кетгандай бўлдим,— дейди Умаржон ота. —Меҳнат қилган одам рағбатсиз қолмас экан. Оддий одамни шунчалик эъзозлагани учун давлатимиз раҳбаридан жуда хурсанд бўлдим. Аслида бу халқпарварлик, элга қайишиш ва эл дарди билан яшашнинг ёрқин тимсоли.

—Аслида ери бор одам камбағал бўлиши мумкин эмас, дея фикрини давом эттиради кекса томорқачи. —Мен ерни бўш қўя олмайман. Ичим ачийди, ниманидир увол қилаётгандек бўлавераман. Ёшлигимда дадамга ёрдам берардим. Токларни парваришлашни кўрсатардилар ва доим «ернинг ҳам уволи бор» деган гап оғизларидан тушмасди. Ҳозир мен ҳам шу гапни болаларимга, невараларимга айтишдан ҳеч чарчамайман.

Энди дўппини бошдан олиб, бир мулоҳаза юритайлик. Бир йилда 5 марта ҳосил олишни оила қандай уддаламоқда? Бу ҳақда Умаржон отанинг ўғли Умиджон шундай дейди:

—Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Биз эрта баҳорда кўкатлар, исмалоқ, редеска экиб, бозорга чиқарамиз. 10 млн. сўм даромад келади. Помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари парваришлаб, бозорга чиқарамиз. Унгача ток барглари ўсиб қолади. Токни хомток қилиб, баргини бозорда сотамиз. Бундан ҳам 10 млн. сўм ишлаймиз. Бу йил 5 минг туп гулкарам эккандик. Даромадимиз 40 миллион сўмдан ошди. Ер четига экилган ошқовоқ, ловия ва мошни ҳисобга киритганим йўқ. 1000 туп ток кўчати икки йилда тайёр бўлади. Униям донасини 10 минг сўмдан пуллаймиз. 500 туп токдан ҳар йили 80-90 млн. сўм даромад келиб турибди. 6-7 бош буқани бўрдоқига боқиб, бозорга гўшт чиқарамиз. Шу тариқа ҳар йили оиламизга 200 млн. сўмдан зиёд даромад келиб турибди. Отам томорқачиликнинг миридан-сиригача билади. У кишининг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилиб кам бўлмаяпмиз.

—Президентимиз бу томорқачини эътироф этганидан катта куч олдик, жудаям зўр мотивация бўлди. — дейди Пискент тумани ҳокими Музаффар Орипов. —Ҳовлисидаги ердан бугунги кунда самарали фойдаланмаётган хонадонларимиз ҳам йўқ эмас. Биз энди бундай оилаларга Умаржон ота тажрибасини кўрсатиб, семинар ўтказишни мўлжаллаяпмиз. Ойма-ой қайси экин турини экиш керак, қандай парваришлаш керак, қайси биридан қанча даромад олиш мумкинлигини амалда кўрсатиб берамиз. Йил охиригача 330 та хонадонни камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб боряпмиз.

Томорқадан йилига 5 марта ҳосил олаётган машҳур томорқачи Умаржон ота Арслонов эл эътиборига тушди. У ерни қадрлаб, ўз меҳнати орқасидан шундай эъзозу эҳтиромга сазовор бўлди. Бугунги кунда уни йўқлаб келувчиларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер