Улуғ аллома сиймосига эҳтиром

16:11 09 Февраль 2023 Жамият
586 0

Фото: Халқ сўзи

Нафақат барча туркий халқлар, балки жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири бўлган Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган тантаналар Навоий шаҳрида шоирнинг ҳайкали пойига кенг жамоатчилик томонидан гулчамбарлар қўйиш билан бошланди. Шу ернинг ўзида таниқли навоийшунос олимлар, ижодкорлар улуғ бобокалонимизнинг бой адабий мероси ва ундаги умуминсоний ғоялари хусусида маърузалар қилдилар.

— Президентимиз Навоий вилоятига қилган илк ташрифларидаёқ шоир номи билан аталадиган шаҳарни жаҳон навоийшунослигининг илмий марказига айлантириш ғояларини илгари сурган эди, — дейди Навоий давлат педагогика институти профессори Абдуҳамид Холмуродов. — Бу бежиз эмас. Боиси, ҳазрат Навоийнинг ижоди ва фаолияти тадқиқотига бир қатор Европа мамлакатларида ўн еттинчи асрлардаёқ киришилган, ўша даврлардаёқ шоир асарлари ғарбий тилларга таржима қилинган. Ўн тўққизинчи асрнинг олтмишинчи йилларида Ўрта Осиёни қадам-бақадам кезиб чиққан Вамбери ушбу ҳудудда яшаётган кишилар Навоий ғазаллари ва унинг ҳаёти фаолиятини ёд билишидан ҳайратга тушган. Афсуски, кейинчалик мустабид тузум мафкураси туфайли Навоийдан йироқлашдик. Тадқиқотларнинг аксариятида унинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига кўпроқ эътибор қаратилди.

Бугун мамлакатимиз яна навоийшунослик тадқиқотлари марказига айланиб бормоқда. Мисли кўрилмаган илмий изланишлар олиб борилиб, тадқиқот ҳадларидан чегаралар олиб ташланди.

Модомики, сўз адабиёт ва эркинлик хусусида бораркан, Навоий асарлари маддоҳлик ва хушомадгўйликлардан йироқлиги туфайли на замон ва на макон танламайди. Инсон ички олами, маънавий комиллиги ҳар доим шоир шеъриятининг диққат марказида бўлган.

Навоий вилоятида анъанавий Навоийхонлик кунлари доирасида ўтказилган ҳар бир тадбирда шулар хусусида сўз юритилди.

Тантаналар шаҳардаги «Фарҳод» маданият саройида шоир ғазаллари асосидаги қўшиқ ва уларга басталанган куй ҳамда рақслардан иборат катта концерт дастури билан давом этди.

Темур ЭШБОЕВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер