Улкан қор кўчкиси йўл таъмирлаш билан банд бўлган 41 кишини босиб қолди
Йўл таъмирлаш ишлари билан банд бўлган ўнлаб инсонлар кутилмаганда қор кўчкиси остида қолди. Бу ҳақида «Express» нашри хабар берди.
Маҳаллий амалдорларнинг таъкидлашича, Ҳиндистоннинг Ҳимолай тоғларида юз берган кучли қор кўчкиси ҳудуд яқинида йўл таъмирлаш ишлари билан банд бўлган камида 41 кишини босиб қолган.
Ҳодиса ҳар йили юз минглаб зиёратчилар ташриф буюрадиган Бадринатҳ ҳинд ибодатхонаси яқинида содир бўлди.
Сўнгги маълумотларга кўра, қор кўчкиси Гархвал секторидаги Умумий захира муҳандислик кучлари лагерига ҳам зарар етказган.
«Дастлаб 57 киши қор кўчкиси остида қолиб кетган. Қутқарувчилар 16 кишини қутқаришга эришди. Уларнинг беш нафари оғир аҳволда бўлиб, ҳарбий тиббиёт муассасасида даволанишмоқда», —дейди маҳаллий полиция ходими.
Шунингдек, 150 нафарга яқин ҳарбий хизматчи тирик қолганларни излашда қутқарувчилар гуруҳига ёрдам бермоқда.
Мансабдор шахсларнинг айтишича, ноқулай об-ҳаво шароити қутқарув ишларига тўсқинлик қиляпти.
«Ҳозирда қутқарув операцияси жуда секин амалга оширилмоқда. Чунки кучли ёмғир туфайли ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Қутқарувчилар ҳамда кўнгиллилар астойдил меҳнат қилишяпти», — деди Чамоли тумани ҳокими Сандеэп Тивари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг