Украина Европадан электр энергияси эвазига газ олмоқчи
Иллюстратив фото
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат Европадан етишмаётган газ ҳажмини олиш ва бунинг эвазига электр энергиясини етказиб бериш истагини билдирди.
Бу ҳақда у Польша оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Биз мамнуният билан Россияга қарам бўлмаслик ва электр энергияси билан таъминлаш имкониятини берамиз. Иккинчи томондан, ўзаро дўстона муносабатлар туфайли ўзимиз учун етарли бўлмаган газни, масалан, Европадан олишимиз мумкин. Яъни, электр берамиз, газ оламиз», деган Украина раҳбари. Унинг сўзларига кўра, булар режаларда бор.
«Вазирларимиз ҳамда турли нефть ва газ компанияларининг раҳбарлари бу борада мулоқотларни бошлади», дейди Зеленский.
Шунингдек, у Украинада жуда катта ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш учун ядровий қувватлар мавжудлигини таъкидлади. Шу боисдан ҳам Киев электр энергиясини оширилмаган нархларда сотиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, сиёсатчи унинг давлати ҳозирда Европага бундай етказиб беришни амалга оширишга техник жиҳатдан тайёр эмаслигини тан олган.
Бундан ташқари, Зеленский Украина бюджети тақчиллигини Европага электр энергияси етказиб бериш орқали қоплашга умид қилмоқда.
«Мамлакатлар бизга ёрдам беришмоқда, чунки бугун бизда молиявий тақчиллик бор. Бугун бизда ойига 5-7 миллиард евро бор. Бу иш ҳақи учун ҳам етарли эмас. Шу боис биз ҳам пул ишлаб топишга муҳтожмиз», дейди у.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг