Уйи ободнинг кўнгли обод
Фото: Халқ сўзи
Нурота туманининг Cентоб қишлоғи ўзига номдош сойнинг икки тарафи ёқалаб Фозилмон тоғи этакларида қарийб ўн километрга чўзилган. Қишлоқ аҳлининг ҳовлилари сой сувига яқинроқ қурилган. Ягона кўча ва ички йўл эса, тепаликдан илон изи ҳосил қилиб тортилган, бора-бора гўё осмонга туташиб кетадигандек туюлади.
Йўл босиб, илдамлаган сайин сой ва уйлар тик қоялар бағрини тилиб чиққан дов-дарахтлар ортига бекинади. Аҳён-аҳёнда зилол сувнинг офтоб билан кўз қисиб олишидан қанчалик тепага кўтарилганингизни билиш мумкин.

Cентоб юртимизнинг бир вақтга йилнинг тўрт фасли хислатларини жамлаган қадим қишлоқларидан. Қишлоқ тепасидаги «Баланди Умар» ҳудудида қоя тошларга ўйилган V-VI асрларга оид битик ва петроглифлар, ундан юқорироқдаги кўҳна қўрғон қолдиқлари бундан далолат беради. Маҳалла оқсоқоли Муроджон Мирзоевнинг таъкидлашича, сўнгги тадқиқотларга кўра қишлоқ уч минг йиллик тарихга эга, деган хулосага келинган.
— Уч минг йиллик тарихда қишлоғимиз ўз ташвиши билан ўзи овора яшаган десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан, — дейди М.Муродов. — Кейинги ўттиз йилда ҳам кираверишдаги (ҳомийлик асосида) қурилган кутубхонани айтмасак, инфратизимда бир ғишт қўйилган эмас. Очиғини айтиш керак, қишлоқдаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини айтмасак, одамларнинг бандлигини таъминлайдиган ташкилот ҳам бўлган эмас. Кимдир чорва сақлаб, чорбоғ тутиб, кимдир тоғдан зира, мумиё териб рўзғорини тебратган бўлса, касб-ҳунарнинг бошини тутганлар турли ҳудудларга кўчиб кетишган.
Янги тарихимизда инсон қадри, унинг манфаатлари устувор тутила бошлагач, бу янгиланишлар эпкини Cентобда ҳам одамлар ҳаёти, турмуш тарзи ва дунёқарашида ажабтовур ўзгаришлар ясади. Қишлоқ аҳлининг қадим урф-одатлари, ўзига хос экоиқлими сабаб туризм Cентобда ўсиш нуқтаси сифатида танланиб, соҳада тадбиркорлик равнақига эътибор қаратилди. Меҳмонхоналар, дам олиш масканлари барпо этилди.
— Сайёҳлик ривожи учун, табиийки қулай инфратизим, муносиб транспорт ва энергия коммуникацияси тармоқлари зарур, — дея давом этади М. Мирзоев. — Қишлоғимизнинг шу маънода жорий йилги «Обод қишлоқ» дастурига киритилиши бу борада йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларга ечим бўлмоқда. Мисол учун, шу дастур доирасида электр тармоғидаги таянч устунлари тўлиқ янгиланди. Учта янги трансформатор станцияси ўрнатилиб, яна иккитаси капитал таъмирдан чиқарилди. Беш километр йўл кенгайтирилиб, ҳозирча 1,5 километрига асфальт ётқизилди, ёритиш мосламалари ўрнатилди.(охиригача етказилади) 12 километрлик ички йўлларга шағал босилди. Қишлоқдаги учта мактабнинг иккитаси капитал таъмирланди, биттасига 96 ўқувчи ўринли қўшимча бино қурилди. Учта кўприк, туристлар маркази, дам олиш маскани, сунъий қопламали футбол майдончаси ва турли хизмат кўрсатиш нуқталари яратилди.
Бугун Cентобда 23та оилавий ва 3та хусусий меҳмонхона фаолият кўрсатиб, қишлоқ аҳлининг 130 нафарга яқини сайёҳлик соҳасида меҳнат қилади. Одамларнинг димоғи чоғ.

Жорий йил Навоий вилоятининг Cентобга ўхшаш 22 та аҳоли масканида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадда вилоят бўйича жами 334,4 млрд.сўм (шундан, республика бюджети – 121,6 млрд.сўм, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари – 133,1 млрд.сўм, тармоқ корхоналари – 26,8 млрд.сўм, ташаббускор тадбиркорлар ва аҳоли – 52,8 млрд.сўм,, ҳомийлар – 6,8 млрд.сўм) лимит маблағи белгиланган эди.
— Дастур бўйича режалаштирилган 135 та объект учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, барчасига давлат экспертиза хулосаси олиниб, объектларнинг тендери ўтказилди, — дейди вилоят ҳокимлиги етакчи мутахассиси Шероз Турсунов. — Ўтказилган тендер натижаларига кўра, қурилиш ишларининг умумий қиймати 293 млрд.сўмни ташкил этиб, бугунги кунга қадар 253 млрд.сўмлик (86%) қурилиш-таъмирлаш ишлар бажарилди.
Дастурга асосан ижтимоий соҳа объектларидан жами 49 та, жумладан 12 та МТТ, 16 та умумтаълим мактаби ва 7 та тиббиёт муассасаси ҳамда 14 та МФЙ биноларини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар уларнинг 30 тасида бунёдкорлик ишлари якунланди. Шунингдек, режадаги 166 километрлик ичимлик сув тармоқларидан 145километрида, 364 километрлик электр тармоқларидан 324 километрида, 24,5 километрлик табиий газ тармоқларида тўлиқ таъмирлаш ва янгилаш ишлари ниҳоясига етказилди. Алоқа ва ахборотлаштириш тизимида эса, режа ортиғи билан, 101,2 фоиз этиб бажарилди.

— Эли, уйи ободнинг кўнгли ҳам обод бўлади, — дейди cентоблик таълим фахрийси Адҳам Араббоев. — Кўнгли обод инсон ҳар доим қайси соҳада бўлмасин, эзгуликка, яратишга интилади. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари мана шу орқали қанча-қанчадан одамларимизнинг дилига қувонч, эртанги кунга ишонч туйғуларини олиб кирганлигини бир тасаввур этинг.
Қўшимча қилиш жоиз, дастур туфайли шу кунга қадар Навоий вилоятининг 93та аҳоли яшаш манзиллари ободлик сари юз тутди. Мазкур дастур вилоят марказидан 150 – 400 километр олисликдаги Cентоб, Жузқудуқ, Мингбулоқ, Аяқудуқ каби қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган минг-минглаб юртдошларимиз қалбига давлатдан, ўтаётган ҳар бир кунидан розилик кайфиятини олиб кирди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг