Уйғур қишлоғи — янги ўзгаришлар остонасида
Фото: Халқ сўзи
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида изчил ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» давлат дастурлари ижроси доирасида олис манзиллардаги қарийб 30-40 йиллик муаммолар ўзининг ижобий ечимини топяпти. Мисол учун, Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Уйғур қишлоғини олайлик. Бу ерда йўл, табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, аҳоли бандлиги йўналишларида одамларни қийнаган саволлар, афсуски, жавобсиз қолиб келаётган эди.

Мана, хайрли ишлар туфайли ҳаммаси ортда қолмоқда. Ҳозирда бу ерда 21,3 км йўлга асфальт, 24,9 км ички йўлларга бетон йўлакчалар ётқизиш, 8 та трансформатор, 577 та темир-бетон таянч ўрнатиш ишларига киришилди. Шунингдек, электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 17 км масофага янги тармоқ тортилади.
— Аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш учун ҳудудда битта янги қудуқ, 12,85 км масофага янги сув тармоғини тортиш ва 9 та қудуқни таъмирлаш зарур бўлади, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Пахтаобод туман филиали бошлиғи Алижон Казаков. — Ҳозирда бу борадаги ишлар ҳам жадал суръатга кирди. Тез кунларда лойиҳа якунига етиб, сув таъминоти юз фоиз тикланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас! Манзилда, шунингдек, таълим ва тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарурат туғилганида амалий ёрдам кўрсатиш, фуқароларни даромадга йўналтириш, спорт майдонлари, қабристон ва бошқа объектларда ободонлаштириш ишлари бажариляпти. Дарҳақиқат, «Обод қишлоқ» дастури Уйғур қишлоғидаги 12 маҳалла ҳаётида чин маънода янги саҳифа очмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг