Уйда туриб ҳам даромад топиш, шароитни яхшилаш мумкин
Фото: «Халқ сўзи»
Бухоро вилояти Когон туманидаги Пўлотчи қишлоғида яшовчи Қўлдош Агалиевнинг хонадонига маҳалладошлари серқатнов бўлиб қолишди. Бу ерда вилоят 4-сектори билан ҳамкорликни йўлга қўйган “Бухоро парранда” корхонаси томонидан уй шароитида намуна тарзида товуқхона қурилгани кўпчиликни қизиқтириб қўйди.
– Корхона мутахассислари келиб товуқхона ўрнини шамоллатиш тадбирларини кўришди, иситиш қурилмаларини ўрнатиб, қавасларни ўрнатишди,– дейди хонадон соҳиби. – Шундан сўнг 200 бош товуқ ва озуқа келтирдилар. Паррандани қандай боқиш юзасидан зарур тушунчалар беришди. Келишувга кўра, олинган кунлик тухумнинг 60 фоизини корхонага етказамиз. Қолгани эса ўзимизники. Буни қарангки, уйда туриб ҳам даромад топиш, оилавий шароитимизни яхшилаб олишимиз мумкин экан. Фақат ишлашга иштиёқ бўлса, бас.
Дарвоқе, бу юмуш давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 24 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга жавобан амалга оширилмоқда. Эсласангиз, йиғилишда ҳар бир хонадонда камида 100 та парранда, қўй ва эчки, асалари боқишни йўлга қўйиш юзасидан масъуллар зиммасига вазифа юкланган эди.
Когондаги ташаббусга келсак, “Бухоро парранда” билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади. Ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъекти саналган мазкур корхона эҳтиёжманд 300 хонадонга 60 минг бош товуқни қафаслари билан бепул етказиб берадиган бўлди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг