Уйчидаги қўшма корхонада 400 та иш ўрни яратилди
Уйчи туманида «Мега текстиль» қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. Уни барпо этиш учун 20 млн. АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган бўлиб, ҳозирга қадар 400 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда илғор технология ёрдамида йилига 7 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 6 минг тонна калава ип олинади.
Корхонада қувватларини ўзлаштириш баробарида навбатдаги лойиҳалар ижроси давом эттирилмоқда. Жумладан, пайпоқ ва қўлқоплар ишлаб чиқариш технологияси ишга туширилиши натижасида қўшимча равишда яна 150-200 та янги меҳнат ўринлари яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш эса 2 млн. жуфт пайпоқ ҳамда 3,8 млн. жуфт латекс ва нитрал ишчи қўлқопларини ташкил этади.
Шундай қилиб, ҳамкорлик корхонасида жорий йил якуни билан яратилган жами иш ўринлари сони 600 тага етказилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг салмоқли қисми Россия Федерацияси, Туркия ва Беларусга юборилиши ҳамда йиллик экспорт ҳажми 11 млн. АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, корхонада 2021—2022 йилларда қиймати 45 млн. АҚШ долларига тенг бўлган «Сатин ва поплин матолари тўқиш, чойшаб ишлаб чиқариш» лойиҳасини амалга ошириш ҳам режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида 1200 та янги иш ўрни юзага келади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг