Уйчи ДХМ ҳам янги бинога кўчиб ўтди
Коронавирус, карантин, уйда қолинг! Бу сўзлар фуқароларимиз томонидан ҳар қачонгидан-да кўп ишлатилаётганини барчамиз кўриб билиб турибмиз. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш марказлари шундай мураккаб шароитда ҳам ўз фаолиятларини тўхтатганлари йўқ. Масалан, карантин эълон қилинган кундан бошлаб, бугунги кунга қадар Наманган вилоятидаги шундай муассасаларга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан 41 271 та ариза келиб тушган. Уларнинг 32 796 таси ҳал этилган бўлса, 11 127 таси турли сабабларга кўра рад этилган, 5 267 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш баробарида бир-бирини такрорламайдиган дизайн асосида давлат хизматлари марказларининг янги бинолари қуриб фойдаланишга топшириляпти. Яқинда Чуст, Чортоқ туманларида шундай иншоотлар фойдаланишга топширилган эди. Кеча Уйчи туман ДХМ маркази ҳам янги, барча қулайликларни ўз ичига олган бинога кўчиб ўтди.
Замон талаблари даражасида барпо этилган бинода аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар яратилган. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ҳам фаолият кўрсатади. Марказда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, кутиш зали, болалар майдончаси, кутубхона, тиббиёт хонаси, E-аукцион ҳамда ФҲДЁ бўлими инспектори учун хона ҳам мавжуд.
Айни пайтда марказда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, оралиқ масофани сақлаган холда хизмат кўрсатилмоқда. Маълумот учун, Уйчи туманида 211 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида 20 мингдан кўпроқ киши давлат хизматларидан фойдаланди. Улар орасида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз бизнесини йўлга қўйган 705 нафар фуқаро ҳам бор.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг