Уй шароитида 3 тоннага яқин қўзиқорин етиштирдик — Латофат Олимова
Кейинги йилларда Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Олимовлар хонадонини қўшни қишлоқлардан сўроқлаб келувчилар сафи кенгайиб бормоқда. Бу оиланинг уй шароитида қўзиқорин етиштириш ҳадисини олгани билан боғлиқ.
— Қўзиқорин етиштиришга қизиқиши бўлган кишилардан маслаҳатимиз, кўмагимиз, тавсияларимизни аямаяпмиз, — дейди ёш оила соҳиби Раҳматилла Олимов. — Ўзимиз уч-тўрт йилдан буён шу иш билан шуғулланиб кам бўлаётганимиз йўқ. Очиғини айтадиган бўлсам, яқин-яқингача Россияга оилавий тарзда ишлагани борардик. Ҳатто пандемия даврида у ерда узоқ вақт қолиб ҳам кетдик. Юртимизни, она қишлоғимизни, ёр-биродарларимизни соғинардик. Ўшанда “Шундай бир юмуш билан шуғулланайликки, ҳам элга кўпроқ нафимиз тегсин, ҳам рўзғоримиз бут бўлсин”, деган ўй-фикрга келганмиз. Ижтимоий тармоқлар орқали қўзиқорин етиштириш ҳақида керакли маълумотларни олганмиз. Уйга боргач, шу иш билан шуғулланамиз, дея ўз олдимизга қатъий мақсад қўйгандик.
Ҳовлидаги қурилиши поёнига етмаган бинода қўзиқорин етиштиришга киришган ёш оила уч-тўрт йил ичида муайян тажриба тўплади.
— Уйда қўзиқорин етиштиришнинг қийинчилиги йўқ, — дейди уй бекаси Латофат Олимова. — Бу – аёлларбоп иш. Қўзиқориндан бир йилда тўрт-беш марта ҳосил олиш мумкин. Ўтган йил биз уч тонна атрофида қўзиқорин етиштирдик. Даромади ҳам яхши. Сарфлаган бир сўмингиз уч сўм бўлиб ўзингизга қайтади. Қолаверса, қўзиқорин гўшт ўрнини босадиган, турли касалликларга шифо неъмат саналади.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бурҳон Юсуповнинг таъкидлашича, Олимовлар хонадони ҳудудда уй шароитида қўзиқорин етиштириш билан шуғулланаётган қалдирғоч оила саналади. 2,5 минг нафар аҳоли яшаётган ҳудудда бу ёш оиладан ибрат олиш ниятидаги фуқаролар оз эмас. Уларга бу борада Латофат ва Раҳматилла Олимовлар кўмаги, маслаҳати асқатиши тайин.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг