Уй ишчисининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ ҳимояланади

15:32 19 Июль 2023 Жамият
665 0

Маълумки, 2022 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси қабул қилинди. Кодексда бир қатор янги меҳнат турлари ҳам ўрин олди ва иш берувчи ҳамда ишчи-ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари янада мустаҳкамлаб қўйилди.

Янги кодексда микрофирмаларда ва иш берувчи бўлган жисмоний шахсларда ишловчи ва якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳамда уй ишчиларининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишининг ўзига хос хусусиятлари белгилаб берилди.

Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда дунёда камида 67 миллион уй ишчиси бор, уларнинг 80 фоизи аёллардир. Тадбиркорлик ёки бошқа машғулот билан банд бўлган шахслар ўзларининг кундалик маиший эҳтиёжларини қондириш мақсадида энага, ошпаз, боғбон, қоровул, ҳайдовчи каби уй ишчиларини ёллашга эҳтиёж сезмоқда. Янги таҳрирдаги кодекс айнан шу турдаги ижтимоий муносабатларни қонуний тартибга солди. Кодексга асосан, уй ишчиларининг ёлланиб ишлаш бўйича иш даврлари башарти ижтимоий солиқ тўланса, ходимнинг меҳнат стажига киритилади.

Уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар ўн олти ёшга тўлганида йўл қўйилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзида фуқаролик муомала лаёқати тўлиқ ҳажмда мавжуд бўлган тақдирда, уй ишчиларини ишга ёллаш ҳуқуқига эгадир.

Кодексда эса уй ишчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига алоҳида урғу берилди. Бунда иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси уй ишчиси билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига асос бўлади. Ишга қабул қилинаётган уй ишчиси билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.

Меҳнат шартномаси тузилгунига қадар уй ишчиси иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан меҳнат шартлари тўғрисида олдиндан хабардор қилиниши керак.

Уй ишчиси билан меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан бири иш берувчи бўлган жисмоний шахснинг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади, иккинчиси иш берувчида қолади, учинчиси эса ходимга берилади.

Агар тарафлар уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришган бўлса, бу шарт меҳнат шартномасининг мазмунига киритилиши зарур. Уй ишчиларини ишга қабул қилиш буйруқ эълон қилинмасдан амалга оширилади. Уй ишчиларига меҳнат дафтарчалари юритилмайди.

Иш режими, дам олиш кунларини ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бунда иш ҳафтасининг давомийлиги ушбу кодексда белгиланганидан кўпроқ, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги эса қисқароқ бўлиши мумкин эмас.

Уй хўжалигида яшовчи уй ишчиларини ҳар кунлик ёки ҳар ҳафталик дам олиш ёхуд йиллик меҳнат таътиллари даврида уй хўжалигида ёки уй хўжалиги аъзолари билан қолишга мажбурлаш тақиқланади.

Уй ишчиси меҳнат шартномасини иш берувчи бўлган жисмоний шахсни етти календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақлидир.

Бу борадаги меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам уй ишчиларини ҳар жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлайди. Бу бир томондан меҳнат муносабатларни тартибга солинганлигини билдирса, иккинчи томондан эса тарафларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.

Орзигул ҚОЗИХОНОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раисининг ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер