Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди

16:46 20 Июнь 2023 Сиёсат
439 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Индонезия Республикасининг Конститутсивий судининг судьяси Вахидуддин Адамс билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов ҳамда қўмита аъзолари М. Ҳусанова ва Д. Ариповлар иштирок этди.

Суҳбат аввалида меҳмонларга Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги ўзгаришлар, хусусан унда парламентнинг роли, унинг асосий функция ва ваколатлари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Ўз навбатида, В.Адамс мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга юксак баҳо бериб, яқинда ўтказилган референдумнинг юқори даражада ташкил этилганлиги билан қутлади, янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг келажаги ва тараққиёти, ўзбек халқининг фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонч билдирди.

Суҳбат давомида меҳмон Ўзбекистонда қонун ижодкорлик жараёнида жамоатчиликнинг фикри инобатга олиниши, қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, илмий салоҳиятнинг аҳамияти ва қўшимча қандай механизмлар мавжудлиги тўғрисида қизиқиш билдирди. Ушбу масала юзасидан Ж.Ширинов томонидан батафсил маълумот берилди.

Давлатнинг иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш масалаларида парламентнинг роли ҳақида тўхталар экан, Вахидуддин Адамс ижро ҳокимияти тизимини назорат қилишда Олий Мажлиснинг ваколатларини алоҳида эътироф этди.

Томонлар алоҳида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар ва зиёрат туризми соҳарларида мавжуд юксак салоҳиятни қайд этиб, ушбу йўналишда ўзаро алоқаларни ва тажриба алмашишни йўлга қўйишни таклиф этишди.

Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер