Учқўрғонда балиқ экспорти бошланди
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги ноёб балиқ турларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “DB Group Eco” корхонаси куни кеча ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга киришди. Умумий қиймати 75 минг долларга тенг 20 тонна миқдордаги форель балиқлари Россия Федерациясидаги ҳамкорларга юборилди.
Фаолиятини бошлаганига икки йилдан ошган “DB Group Eco”нинг лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса таъсисчи маблағларига тўғри келади. Замонавий хавзаларда йилига 1500 тонна маҳсулот етиштириш қувватлари яратилган. Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда форель ва лосось сингари балиқлари интенсив усулда парваришланмоқда. Балиқ увилдириқлари ва озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.
Асосан чучук ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсидан қуйилади ва айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Балиқлар увилдириқдан то товар ҳолатига етгунига қадар 1-1,5 йил вақт давомида боқилади.
Қудратилла Нажмиддинов, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг